Самарқанд веб-форуми олдидан брифинг
12-13 август кунлари ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми бўлиб ўтади.
12-13 август кунлари ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида форумга тайёргарлик юзасидан брифинг ташкил этилди.
Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳимжон Ҳакимов ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Самарқанд веб-форумининг мақсади, унда муҳокама қилинадиган мавзулар ҳақида журналистларга маълумот берди.


Мазкур онлайн-форумда ҳозиргача Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Африка Иттифоқи тизимидаги ёшлар тузилмалари раҳбарлари, дипломатик корпус, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро, минтақавий ва миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар ташкилотлари вакиллари, олимлар ва экспертлар, жами 1000 дан зиёд киши қатнашиш истагини билдирган.
Тадбир давомида иштирокчилар ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ муаммоларни батафсил кўриб чиқиш, айни йўналишдаги халқаро ва минтақавий механизмларни такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилиш имконига эга бўлади.


Форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурган таклифига мувофиқ тайёрланган БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳаси биринчи марта жаҳоннинг етакчи экспертлари муҳокамасига тақдим этилади. Муҳокамада ҳар бир фуқаро ўз таклиф ва мулоҳазалари билан қатнашиши мумкин.
Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенция лойиҳаси форумнинг расмий сайти (http://www.asianforum.uz/)да жойлаштирилган.