Садоқат ва инсонийлик тимсоли
9-май – Хотира ва қадрлаш куни
Инсон қадри, унинг ёруғ хотираси ҳеч қачон унутилмайди. Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимлари хизмат йўлида бир сафда бўлиб, бугун орамизда йўқ сафдошлар хотирасини ёд этиш, уларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиш мақсадида хонадонларга ташриф буюрди.

Унда йиллар давомида бирга хизмат қилган, бирга машаққатларни енгиб ўтган, бир-бирига елкадош бўлган инсонларга нисбатан самимий ҳурмат ва қадр мужассам. Бу фидойиликни эътироф этиш, инсонийлик мезонларини асраш ва садоқатга бўлган эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.

Касбдошлар божхона соҳасида ўзининг чуқур билим, бой тажриба ва ҳалол меҳнати билан ажралиб турган марҳум Сулаймон Файзиев хонадонида бўлиб, унинг яқинлари билан самимий мулоқот ўтказди. Суҳбат чоғида марҳумнинг ҳаёт йўли, касбига садоқати, юрт равнақи йўлидаги хизматлари илиқ хотиралар билан ёдга олинди. Унинг шахсияти, инсоний фазилатлари ва касбий маҳорати бугунги ҳамкасблари учун ҳам ибрат мактаби экани алоҳида таъкидланди.

Бундай хайрли тадбирлар орқали нафақат ўтганлар хотирасига эҳтиром кўрсатилади, балки бугунги авлод қалбига ҳам юксак қадриятлар садоқат, ватанпарварлик, инсонийлик ва меҳр-шафқат туйғулари сингдирилади. Чунки ўз ўтмишини қадрлаган, фидойи инсонларни унутмаган жамиятгина келажакка ишонч ва қатъият билан интилади.

Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимларининг ушбу эзгу ташаббуси инсон қадрини улуғлаш, вафо ва садоқатни қадрлаш, меҳр-оқибатни намоён этишнинг ёрқин намунаси сифатида алоҳида эътирофга лойиқ.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.