“САБЪАИ САЙЁР” Наманган театри саҳнасида (+видео)
Наманган вилояти мусиқали драма театри ғоят мураккаб жанрдаги асарни саҳналаштирди. Гап шундаки, Навоийнинг “Ҳамса” тўпламидан жой олган “САБЪАИ САЙЁР” достонидаги воқелик, ғоя, шоҳ Баҳром шахсияти турли олимлар томонидан турлича талқин этилган. Чунки Баҳромни шоир бутун жаҳонга эгалик қилувчи аммо фақирликни ихтиёр этиб мол-давлатга ҳирс қўймаган подшоҳ сифатида тавсифлайди. Бу билан буюк Навоий дунёни бошқараётган подшоҳлар аввало нафсни ўз измига бўйсундириши, йўқса айнан нафс балоси унинг енгилмас душманига айланишини гўзал ғазаллари, айтишув ва қаҳрамонлар монологларида изҳор этади.
Воқелик Дилоромнинг мусаввир чизган сиймосига тамомила асир бўлиб қолган шоҳ Баҳромнинг кечинмалари атрофига қурилган.
–У шунақанги чиройли эдики. Унинг чиройига маҳлиё бўлиб, баджаҳилликни ҳам, қўполликни ҳам бирдек унитади. Шоҳликни ҳам гоҳ гоҳида унутиб қўяди. Дунёдан узилади десак ҳам бўлади. Севги билан у маст бўлади деб ўйлайман. Шуни тасвирлашга ҳаракат қилдим,– дейди Баҳром роли ижрочиси актер Раҳматулло Ғайбуллаев.

Аммо севгисига вафо қилолмаган шоҳ Дилоромни саройдан ҳайдаб солади, кейин эса айрилиқ изтиробида халққа зулм қилади, урушга киради.
Ишқ йўлида қурбон бўлган шоҳ авлодларга ибратли насиҳатлар қолдирган.
– Мен ўйлайманки Алишер Навоийни ғоялари, Алишер Навоий илгари сурган фикрлар бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Навоийнинг фикрларига, ўгитларига, насиҳатларига биз бугун муҳтожмиз,–дейди Достонбек Ҳақбердиев.
Асар режиссурасида рамзларга катта ўрин берилган. Улар саҳнага сиғдира олинмаган тариф ва тавсифларни тўлдиради.

Актерлар ижросидаги юксак маҳоратни ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Айниқса, шоҳ Баҳром роли ижрочиси ёш актёр Раҳматулло Ғайбуллаев фавқулодда истеъдод эгаси эканини кўрсатди. У ҳали халқимиз севган образларни ижро этмоқчи.
–Менинг энг буюк орзуим “Тоҳир ва Зуҳра”да Тоҳир ролини бекаму – кўст маромига етказиб устозларимиздан дуо олган ҳолда ижро этиш, – дейди у.

“Сабъаи сайёр” асаридаги қатор ғазаллар илгари Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев томонидан ижро этилганди. Режиссёр спектаклга шу қўшиқларни киритган ва ижросини машҳур ҳофизнинг ўғли Шоҳжаҳон Жўраевга ишониб топширган. Навоий ғазалларининг Шоҳжаҳон ижросида саҳнада янграши асар таъсирини кучайтирган.
Яна бир гапни айтмасак бўлмас. Саҳна асари ижроси бошланиши арафасида театр биносига вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, унинг ўринбосарлари, барча шаҳар-туман ҳокимлари кириб келишди. Бу ижодий жамоага руҳий куч берди.
–Куни кеча ижодкор зиёлилар билан юртбошимиз учрашганларида театр санъатини алоҳида қайд этиб ўтдилар. Ҳар йили деярли 40 та давлат театрларида давлат буюртмалари бериб давлат томонидан пул ажратиб, спектакллар саҳналаштириляпти. Бу биз ижодкорларга илҳом, ижодий куч беряпти, –дейди Достонбек Ҳақбердиев.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/Hqk1M0Y1x4Y" title="“SABʼAI SAYYOR” Namangan teatri sahnasida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов