Рубио: Эрон билан келишув исталган пайтда амалга ошиши мумкин
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Эрон билан урушни тўхтатиш бўйича келишув яқин вақт ичида имзоланиши мумкинлигини билдирди, деб хабар берди “Italpress” ахборот агентлиги.
Қайд этилишича, Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли шаҳрида журналистлар билан мулоқот қилган америкалик сиёсатчи музокаралар жараёни давом этаётганини қайд этган.
– Кеча кечқурун маълум янгиликлар бўлади, деб ўйлагандик. Бироқ бу масалага ортиқча драматизм бериш керак эмас. Менимча, бугуннинг ўзидаёқ келишувга эришиш имконияти бор, – деди Рубио.
Унинг сўзларига кўра, музокара доирасида денгиз йўли ва бўғоз хавфсизлигини таъминлаш, уларни халқаро ҳаракат учун очиқ сақлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Рубио таклиф этилаётган ташаббус Форс кўрфази давлатлари томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини ҳам таъкидлади.
– Биз мулоқот қилган барча давлатлар мазкур таклиф нафақат оқилона, балки бутун дунё манфаатига мос эканини тушуниб турибди. Фикримча, Эрон ядровий дастур масаласи бўйича аниқ, мазмунли ва вақт билан чекланган музокарага киришади, — деди АҚШ Давлат котиби.
Сўнгги ҳафталарда Яқин Шарқдаги кескинлик ортидан Эрон атрофидаги вазият халқаро ҳамжамият диққат марказида қолмоқда. Қўшма Штатлар ва унинг минтақадаги иттифоқчилари ядровий дастур ҳамда денгиз коммуникацияси хавфсизлиги юзасидан дипломатик ечим излашга уринмоқда.
Д.Ҳакимов, ЎзА