Россиялик режиссёр Жиззахга келади
Жиззах вилояти мусиқали драма театри ижодий жамоаси ушбу соҳасида халқаро ҳамкорлик йўналишида амалий ишларни бошлаш учун астойдил бел боғлади.
Жорий йилнинг 28 май куни Тошкент шаҳрида ўтган “Евроосиё” халқаро театр санъати фестивалида Жиззах вилояти мусиқали драма театри директори Ғулом Дархонов ҳамда театр бош режиссёри Шоҳрух Йўлдошевлар бошчилигидаги жамоа ижодкорлари ҳам иштирок этиб қайтди.
– Мамлакатимиз пойтахтида бўлиб ўтган халқаро театрлар фестивалида жаҳон театр юлдузлари билан ўтган учрашувлар, умуман фестивалдан олган таассуротларимиз жуда катта, – дейди театр директори Ғулом Дархонов. – Халқаро ҳамкорлик борасидаги ижодий учрашувларимиздан бири Санкт-Петербург давлат драма театри бош режиссёри Руслан Тамазиевич Нанава билан бўлиб ўтди. Россиялик режиссёрга Жиззах вилояти мусиқали драма театри тарихи, бугуни ва келгуси режалари ҳақида гапириб бердик. У театримиз билан қизиқиб қолди ва жорий йилнинг август ойида Жиззах вилоятига келишини билдирди. Бош режиссёрнинг Жиззахга келишидан мақсад – Жиззах вилояти мусиқали драма театри ижодкорлари билан яқиндан танишиш ва ҳамкорликда янги спектакл саҳналаштиришдир.
А.ҚАЮМОВ,
ЎзА