Россия ва Шимолий Корея янги кўприк қуряпти
Британиянинг “The Guardian” нашри хабарига кўра, Россия ва Корея Халқ Демократик Республикаси ўз чегараларида олиб борилаётган янги кўприк қурилишини ниҳоясига етказмоқда.
Ушбу иншоот фойдаланишга топширилиши икки мамлакат ўртасида илгари мавжуд бўлмаган тўғридан-тўғри автомобиль қатновини йўлга қўйиш имконини беради. Узунлиги 830 метр келадиган, Туманная дарёси узра ўтадиган ушбу кўприк РФ Узоқ Шарқ минтақасидаги Ҳасан ва Шимолий Кореянинг Туманган аҳоли манзилларини бирлаштиради.
2025 йил баҳорда бошланган қурилиш ишлари деярли якунланиш босқичида. Ҳар икки томон расмийлари мазкур иншоот ўзаро савдо-сотиқ ҳамда туризм алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидламоқда.
Ўз навбатида, Украина томони янги автомобиль йўли очилиши Москва ва Пхеньян ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик ҳамда моддий-техник таъминотни янада кучайтиришидан хавотир билдирган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА