Россия - Украина низоси: Ҳаво зарбалари кучайди, дипломатик ва ҳарбий босим давом этмоқда
Ўтган ҳафта Россия – Украина зиддиятида ҳаво ҳужумлари ва халқаро ҳарбий ёрдам масаласи яна кун тартибига чиқди. Москва Украина ҳарбий ва логистика объектларига зарбалар йўлланаётганини маълум қилган бўлса, Киев РФ ҳудудидаги нефть ва ҳарбий инфратузилмаларга дрон амалиётларини давом эттирди, Ғарб давлатлари эса ҳаво мудофааси тизимларини кучайтириш бўйича янги ташаббусларни муҳокама қилди.
Россиянинг йирик ҳаво ҳужумлари
Ҳафта давомида Россия Украина шаҳарларига ракета ва дрон билан бир неча бор оммавий ҳужум уюштирди. Киев, Одесса, Суми ва Запорожьеда қурбон ва ярадорлар қайд этилди. Украина расмийлари зарбалар турар жойлар, энергетика ҳамда фуқаролик инфратузилмасига зарар етказганини маълум қилди.

РФ Мудофаа вазирлиги эса зарбалар ҳарбий саноат объекти, қурол-аслаҳа омбори ва Украина Қуролли кучларининг инфратузилмасига қаратилганини билдирди. Москва тинч аҳоли нишонга олингани ҳақидаги даъволарни рад этиб келмоқда.
Украина ҳам Россия ҳудудидаги объектларга зарбани кучайтирди. Узоқ масофали дрон орқали РФ ҳудудидаги энергетика ва ҳарбий объектларга ҳужумни давом эттирди. Киев русларнинг нефть қайта ишлаш иншооти, нефть базаси ва логистика объектларига зарба берилганини маълум қилди. Украина бу амалиётни Россиянинг ҳарбий салоҳиятини чеклашга қаратилган деб изоҳлади.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати мамлакат ичкарисидаги ҳарбий аэродромга тайёрланаётган ҳужумнинг олди олинганини маълум қилди. Шунингдек, РФ Мудофаа вазирлиги Одесса вилоятидаги Чорноморск порти ҳарбий юклар қабул қилиш учун фойдаланилаётган инфратузилма сифатида нишонга олинганини билдирди.
Украина томони порт инфратузилмасига етказилган зарар ҳақида хабар берган бўлса-да, Россия келтирган ҳарбий мақсадлар ҳақидаги баёнотга муносабат билдирмади.
Ҳаво мудофааси масаласи
Москванинг кучайган ракета ҳужумлари ортидан Украина яна ҳаво мудофаа тизимларини кучайтириш масаласини кўтарди. Парижда ўтказилаётган “Кўнгиллилар коалицияси” йиғилишида “Patriot” ва бошқа замонавий ҳаво мудофаа тизимларини Украинага етказиб бериш, Европа давлатлари иштирокида янги ракетага қарши мудофаа лойиҳасини амалга ошириш ҳамда ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш муҳокама қилинди.
“Reuters” ёзишича, сўнгги кунларда Россиянинг баллистик ракетадан фойдаланиш ҳолати кўпайгани Украина учун асосий муаммодан бири бўлиб қолмоқда. Шу боис, Киев ҳамкорлардан ҳаво мудофааси воситасини тезроқ етказиб беришни сўрамоқда.
Украинада ҳукумат янгиланмоқда
Ўтган ҳафта давомида Украина ички сиёсатида ҳам муҳим воқеа юз берди. Президент Владимир Зеленский мамлакат бош вазири Денис Шмиҳални лавозимидан озод этиш ва унинг ўрнига бош вазирнинг биринчи ўринбосари, иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко номзодини илгари сурди.

Зеленский бу қарорни давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, иқтисодиёт ва мудофаа саноатини янада жадал ривожлантириш зарурати билан изоҳлади. Агар парламент номзодни тасдиқласа, Свириденко Украина тарихидаги иккинчи аёл бош вазирга айланади.
Ғарб Украина ҳаво мудофаасини кучайтиришга уринмоқда
Россиянинг сўнгги ракета ҳужумидан кейин Европа давлатлари ва НАТО иттифоқчилари Украина ҳаво мудофааси имкониятини кенгайтириш бўйича янги чораларни муҳокама қилди. “Reuters” маълумотига кўра, Германия Украина учун 50 мингта дрон ишлаб чиқаришни молиялаштиришга тайёрлигини билдирган. Шунингдек, “Patriot” тизими ва бошқа ҳаво мудофааси воситаларини етказиб бериш масаласи ҳам кун тартибида қолмоқда.

Бироқ таҳлилчилар “Patriot” тизимларини етказиб бериш ва уларни жанговар навбатчиликка қўйиш маълум вақт талаб қилишини таъкидламоқда. Шу сабабли Украина яқин ойларда ҳам ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилишда қийинчиликларга дуч келиши мумкин.
Санкциялар муҳокамаси давом этмоқда
Европа Иттифоқида Россияга қарши 21-пакет санкциялар бўйича келишув ҳозирча қабул қилинмади. ЕИ ташқи сиёсат бўйича олий вакили Кая Каллас айрим давлатлар ўртасида келишилмаган масалалар сақланиб қолаётганини билдирди. РФ расмийлари эса аввалги каби янги чеклов ўлка сиёсатига таъсир кўрсатмаслигини таъкидлаб келмоқда.
Франция Россия элчисини чақирмоқчи

Франция ҳукумати Россия томонидан уюштирилгани айтилган кибержосуслик кампанияси ортидан Париждаги РФ элчисини Ташқи ишлар вазирлигига чақиришини маълум қилди. Франция расмийлари бу ҳаракатни давлат хавфсизлигига қарши йўналтирилган фаолият сифатида баҳоламоқда. Москва эса Ғарб давлатларининг киберҳужумларга оид айбловларини аввал ҳам рад этиб келган.
Экспертлар нима демоқда?
Ҳафтада давомида эълон қилинган таҳлилларда фронтдаги вазият жиддий ўзгармагани қайд этиляпти. “Reuters” таҳлилчилари Россия томони босимни асосан оммавий ракета ва дрон ҳужумлари орқали сақлаб қолаётганини, Украина эса Ғарб қуроллари ва узоқ масофали дрон ёрдамида жавоб беришга ҳаракат қилаётганини таъкидламоқда.
Шунингдек, экспертлар ҳар икки томон яқин муддатда ҳал қилувчи ҳарбий устунликка эришиши қийинлигини қайд этмоқда.

“DW” нашри мухбири билан суҳбатлашган ҳарбий таҳлилчи Руслан Левиев ҳам фронтда стратегик бурилиш кузатилмаётганини, асосий кураш ресурслар, қурол-яроғ таъминоти ва узоқ муддатли иқтисодий имкониятларга боғлиқ бўлиб қолаётганини таъкидлади.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА