Россия Арманистонга газ беришни тўхтатиш билан таҳдид қилди (+видео)
Москва Арманистонга газ етказиб беришни давом эттириш учун қатор шартлар қўйган. Ереван эса Россия билан келишмовчилик кучайиб бораётган бир пайтда ёнилғининг муқобил манбаларини излаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда DW хабар берган.
Ереван қўйилган 4 сиёсий талабни бажармаса, Москва Арманистонга газ етказиб беришни бутунлай тўхтатиш билан таҳдид қилди. Бу маълумотни кеча Арманистоннинг «Грапарак» газетаси ҳам Россиядаги манбаларига таяниб тасдиқлаган. Ҳозир режали таъмирлаш сабаб газ оқими вақтинча тўхтатилган, ички талаб эса омбордаги захира ҳисобидан қопланяпти. Шунингдек, нашр манбалари таъкидлашича, 1 ноябрь куни кутилмаган йирик «авария» юз бериши ёки фавқулодда ҳолат юзага келиши мумкин. Шундан сўнг газ етказиб бериш қайта тикланмаслик эҳтимоли бор. «Грапарак» суҳбатдошлари маълум қилишича, Ереван Россиянинг Гюмридаги ҳарбий базаси кейинги тақдири масаласини муҳокама қилиш ва РФ капиталига эга компанияларга нисбатан чора кўришдан воз кечсагина, Москва бундай сценарийнинг олдини олишга тайёр.
Газета ёзишича, Москва қўйган яна бир талаб Арманистон Евросиё иқтисодий иттифоқи ёки Европа Иттифоқини танлаши керак. Жумладан, Ереван Европа интеграцияси жараёнини бошлаш тўғрисидаги қонунни бекор қилиши ёки айни масала бўйича референдум ўтказиш санасини белгилаши лозим. Бундан ташқари Москва Россияга мойил сиёсатчиларга нисбатан жиноий таъқибни тўхтатиш ва Кремль учун мақбул номзодни Бош вазир ўринбосари лавозимига тайинлашни ҳам талаб қилаётгани айтилган.
Арманистон ҳануз Россия газига боғлиқ бўлиб қолмоқда. 2025 йил «Газпром» республикага қарийб 2,7 миллиард куб метр газ экспорт қилган. Владимир Путин Ереван учун имтиёзли газ нархи минг куб метр учун 177 доллар эканини айтган. Кремль Арманистон ЕОИИ таркибидан чиқса, газ нархи имтиёзли эмас бозор қиймати асосида белгиланишини билдирган.
16 сентябрь куни Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби Ален Симонян республика Россия гази ўрнини Озарбайжон, Туркия ва Эрондан харид қилинадиган газ билан қоплаши мумкинлигини айтди. Никол Пашинян ҳам аввалроқ Москва газ нархи бўйича қандай қарор қабул қилишидан қатъи назар, Арманистон бошқа газ етказиб бериш манбаларини излашини маълум қилган.
Кенжа Бекжонов, Искандар Исматов, (видео) ЎзА