“Ромстар”нинг экспортбоп маҳсулотлари
Президентимиз раҳнамолигида қулай ишбилармонлик муҳити яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар Бухоро вилоятида ҳам ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини шу ернинг ўзида қайта ишлаш ва тўғридан-тўғри экспорт қилиш учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида қулай ишбилармонлик муҳити яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар Бухоро вилоятида ҳам ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини шу ернинг ўзида қайта ишлаш ва тўғридан-тўғри экспорт қилиш учун кенг имкониятлар яратмоқда.Бундан самарали фойдаланаётган тадбиркорлар хориж технологияси асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган янги корхоналар барпо этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Бухоро вилояти иқлими пилла етиштириш учун жуда қулай. Эрта баҳорда қуёш нуридан тўйинган тут барги ипак қуртини тез ривожлантиради. Ҳосилдорлиги юқори ва толаси пишиқ бўлади. Ипак қурти парваришлашда бой тажриба тўплаган пиллачилар бу йилги мавсумда ҳам мўл ҳосил тўплади. Етиштирилган пилла қайта ишлаш корхоналари, жумладан, Ромитан туманидаги “Ромстар” корхонасида қайта ишланиб, сифатли калава ип тайёрланмоқда.
Замонавий ишлаб чиқариш ускуналари билан жиҳозланган корхонада технологик жараёнларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 100 дан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилаётган корхонада барча қулайликлар яратилган.
– Корхонамиз самарадорлигини оширишда пилла етиштирувчи фермер хўжаликлари билан тузилган ҳамкорлик шартномалари муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди корхона раҳбари Қўша Каттаев. – Бунда тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредит маблағлари қўл келмоқда. Жорий йилда “Микрокредитбанк”нинг Бухоро шаҳар бўлимидан олинган 450 миллион сўмлик кредит маблағи пилла етиштирувчиларга бўнак сифатида тарқатилди. Улар корхонага қарийб 500 тонна хомашё етказиб берди.
Ҳозир корхонада кунига 600 килограмм пилла қайта ишланиб, 200 килограммгача калава тайёрланмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 470 минг доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди. Йил охиригача бу кўрсаткич 700 минг доллардан ошиши кутилмоқда.
Айни пайтда корхонада 120 минг долларлик янги лойиҳа татбиқ этилмоқда. Бу лойиҳа корхонада ишлаб чиқариш қуввати ва сифатини янада ошириш имконини беради.