“Ризвон” меҳмонхонаси сайёҳлар хизматида
Бухоро шаҳрининг тарихий “Кўкалдош” маҳалласида тадбиркор Равшан Мирзаев ташаббуси билан замонавий қулайликларга эга 30 ўринга мўлжалланган “Ризвон” номли меҳмонхона бунёд этилди.
Мазкур лойиҳа доирасида тадбиркорга 66 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилган бўлиб, бу маблағлар асосан меҳмонхона хоналарини жиҳозлашга сарфланган. Умумий қиймати 550 миллион сўмни ташкил этувчи мазкур меҳмонхона қисқа фурсат ичида ўзини оқлаб, даромад манбаига айланган. Ҳозирда “Ризвон” меҳмонхонаси орқали ўртача ҳисобда бир кунда бир меҳмон учун хизмат нархи 80 минг сўмни ташкил этади. Бу эса туризм мавсумида ойига тахминан 45-50 миллион сўмгача даромад олиш имконини берда.

Ушбу фаолият натижасида маҳалладаги 6 нафар ишсиз фуқаронинг доимий бандлиги таъминланди. Бу эса нафақат оила иқтисодиётини мустаҳкамлаш, балки маҳалланинг умумий фаровонлик даражасини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.

Айни кунда мазкур маҳалла ҳудудида 76 та меҳмонхона фаолият юритмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.