Ризқ-рўзимиз увол бўлмасин
Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги жорий йилда 245 гектар ерда ғалла парвариш қилмоқда. Хўжаликда экинлар пайҳон қилинишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 10 декабрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалиги экинзорларининг пайҳон қилинишига қарши курашишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга Фарғона вилоятида ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.Мазкур қарор ижроси доирасида вилоят ички ишлар бошқармаси ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда ташкил этаётган рейдлар натижасида экинзорларнинг пайҳон қилиниши ҳолатларининг олди олинмоқда. Фермерлар ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уни нест-нобуд қилмаслик борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олган.
– Вилоят миришкорлари жорий йилда 111 минг гектардан зиёд майдонда ғалла парваришламоқда, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси катта инспектори Акром Маҳмудов. – Қишлоқ хўжалиги экинзорлари пайҳон қилинишининг олдини олиш борасида махсус чора-тадбирлар белгиланган. Бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари билан изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишлари самарасида кейинги йилларда пайҳон ҳолатлари кескин камайишига эришилмоқда. Аммо амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, айрим фуқароларнинг масъулиятсизлиги, бепарволиги оқибатида пешона тери эвазига етиштирилаётган майсалар пайҳон қилиниб, деҳқон манфаатига зарар етмоқда, ризқ-рўзимиз увол бўлмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида бир неча ана шундай ҳолат аниқланиб, тегишли тартибда чора кўрилди.
Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги жорий йилда 245 гектар ерда ғалла парвариш қилмоқда. Хўжаликда экинлар пайҳон қилинишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
– Қишлоқ хўжалиги соҳасида 38 йилдан буён ишлайман, – дейди фермер хўжалиги раҳбари, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳибаси Лолахон Муродова. – Буғдой парваришини барча агротехник талаблар асосида олиб бормоқдамиз. Баравж ўсаётган майсаларни кўриб, дилим яйрайди. Илгари не замонларни бошдан ўтказмадик. Тонгни шомга улаб меҳнат қилсак-да ернинг, ҳосилнинг асл эгалари бошқалар эди. Давлатимиз раҳбарининг чуқур ўйланган, оқилона иқтисодий сиёсати туфайли бугунги дориломон кунларга етдик. Шунинг учун етиштирилаётган буғдойнинг ҳар бир мисқолини нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олишимиз, ризқ-рўзимизнинг қадрига етишимиз даркор.
Дарҳақиқат, бугун барча деҳқону фермерлар халқимиз ризқ-рўзини яратиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Зеро, бугунги меҳнат дастурхонимиз тўкинлиги, бозорларимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши билан янада масъулиятлидир.