Ривожланиш ва фаровонлик йўли
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон тараққиётини янги босқичга кўтариш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли барча жабҳаларда туб ўзгаришлар рўй бермоқда, халқимизнинг дунёқараши, онгу тафаккури юксалмоқда. Жамиятимизда янгича қадрият ва анъаналар шаклланмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий ҳамкорлигини ривожлантириш ташаббусини амалга оширишдаги яна бир дадил қадами ҳисобланган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги юксак даражадаги форумдан кўзланган асосий мақсад икки минтақа давлатлари ўртасидаги тарихан яқин ва дўстона алоқаларни, ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашдан иборат. Хусусан, икки минтақанинг транспорт ва транзит салоҳиятини амалиётга жорий этиш, истиқболли бозорларга чиқиш, экспортни кенгайтириш, инвестициялар, инновациялар ва технологияларни жалб этиш, гуманитар ва сайёҳлик алмашинувларини фаоллаштириш бўйича аниқ таклиф ва ташаббусларни илгари суриш кўзланган. Эътиборлиси, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида ўзаро боғлиқликнинг йўлга қўйилиши ушбу минтақаларда инновацион муҳит яратиш, йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш, савдо-сотиқ ва сармоялар салоҳиятини очиш, барқарор тараққиёт ва тинчликни таъминлашга қаратилган.
Давлатимиз ташқи сиёсатида очиқлик, жадаллиги билан ажралиб турувчи изчил, аниқ, ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорликка асосланган чора-тадбирлар устувордир. Шунингдек, минтақада тинчлик, хавфсизлик, барқарорликни таъминлаш орқали, давлат ва жамиятнинг муваффақиятли ички ривожланиши, ислоҳотларни амалга ошириш, аҳоли турмуш фаровонлиги ошишини таъминлаш, ҳаёт сифатини кўтариш учун қулай ташқи шароитни яратиш асосий мақсад ҳисобланади.
Ўзбекистон ўзининг очиқ ташқи сиёсатида нафақат қўшни мамлакатлар, балки қўшни минтақалар билан яқинлашишни мақсад қилиб қўйган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида “Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши экани” ҳақидаги баёноти бу йўналишда илгари кўрилмаган фаол саъй-ҳаракатларнинг тасдиғи сифатида намоён бўлди. Йиллар давомида ҳал этишни, минтақадаги вазиятни яхшилашни талаб этувчи долзарб вазифаларни ҳал этиш узоқ кутилган воқелик эди.
Бу жиҳатдан Жанубий Осиё йўналиши, айниқса, аҳамиятли. Зотан, мазкур минтақа бой ички салоҳияти, халқаро сиёсий майдонда ўзига хос ўрни ҳамда жаҳон бозорларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга. Охирги вақтда Покистон Ислом Республикаси билан икки томонлама алоқалар сезиларли равишда жонлангани фикримизга яққол мисол.
Денгиз портларига чиқиш ҳамда бу бўйича қулай транспорт коридорларини яратиш Ўзбекистон учун стратегик вазифадир. 2021 йилнинг февраль ойида Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ва жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланаётган Покистон портларига олиб чиқувчи “Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли қурилиши минтақаларимизнинг иқтисодий ривожланишини тубдан ўзгартириши шубҳасиз. Эндиликда Покистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш асносида мамлакатимиз яна бир йирик транспорт-логистика лойиҳаси – Пешаворга олиб борувчи трансафғон темир йўли қурилишига бош қўшмоқда.
Яқин-яқингача Афғонистон ва Покистонга фақат таҳдид манбаи сифатида қараларди. Улардан имкон қадар узоқлашиш, барча даражадаги алоқаларни формал тусда олиб бориш тенденцияси мавжуд эди. Бироқ 2016 йилда Ўзбекистон бу масалага ёндашувини кескин ўзгартирди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тарихда биринчи маротаба қўшни Афғонистонни имкониятлар мамлакати, дея эътироф эта бошладик. Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий манфаатларига жавоб берадиган трансафғон транспорт йўлаги қурилиши мамлакатимизнинг дунё билан савдо-сотиқ қилиши, миллий маҳсулотларнинг ҳамёнбоплигини таъминлаши, экспорт салоҳиятимизни ошириб, иқтисодий тараққиёт сари илдамлашимизга ёрдам бериши билан бирга, қўшни Афғонистонга ҳам катта фойда келтиради.
Шунингдек, Афғонистоннинг халқаро савдо-иқтисодий муносабатлар тизимига қўшилишидан Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари манфаатдордир.
Дилбархон Мамажонова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.