Риштон кулолчилик буюмлари экспорти ортмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Асрий анъаналар асосида яратилаётган Риштон кулолчилик буюмлари бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларига экспорт қилиниб, жаҳон бозорида харидоргирлиги тобора ортаётгани диққатга моликдир.
– Ўтган 2022 йил давомида бир миллиард сўмликдан зиёд кулолчилик маҳсулотларини хориждаги буюртмачиларга етказиб бердик, – дейди “Шуҳрат” медали соҳиби, риштонлик машҳур кулол, “Мингбоши керамик” оилавий корхонаси раҳбари Шокиржон Аҳмаджонов. – Қадим Риштонимизнинг бренди бўлган маҳсулотларимиз Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда АҚШ, Канада, Германия, Россия каби давлатларга етказиб берилмоқда.
[gallery-10718]
Таъкидлаш керакки, Риштон кулолчилик буюмлари экспорт ҳажми ортиб боришида “Мингбоши керамик” оилавий корхонасининг ҳиссаси катта бўлмоқда. Айни кунда юз нафардан зиёд кулолни бирлаштирган корхонада ташкил этилган “Риштон кулолчилик буюмлари” музейи сайёҳларнинг энг севимли манзилига айланган.
Таниқли тадбиркор Ш. Аҳмаджонов асос солган оилавий корхона кўплаб маҳаллий кулолларнинг маҳсулотларини хорижга экспорт қилишга кўмаклашаётгани ҳамда Фарғона давлат университетининг санъатшунослик факультети билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, ёшларга қадимий ҳунарни ўргатишга ўз ҳиссасини қўшаётгани ҳам эътирофга лойиқ.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА