Римдан Гонконггача: “Тинчлик йўли” экспедицияси иштирокчилари Самарқандда
Жорий йилнинг 4 июлида Қорақалпоғистон Республикасига кириб келган “Тинчлик йўли” (The Drive of Peace) халқаро электромобил экспедицияси иштирокчилари Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги бетакрор тарихий обидалардан ўтиб Самарқандга етиб келди.
“The Drive of Peace” – “Тинчлик йўли” экспедицияси дунё халқларининг турмуш тарзи ва маданиятини ўрганиш, туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланиш маданиятини оммалаштириш ҳамда “яшил иқтисодиёт” тамойилларини ҳаётга кенг татбиқ этишга хизмат қилади. Айни пайтда мазкур ташаббус экспедиция маршрутидан ўрин олган мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришга ҳам замин яратмоқда.
– Самарқандда иккинчи бор бўлишим, – дейди экспедиция иштирокчиси, хитойлик инвестор Патрик Чжэн. – Бундан саккиз йил олдин қадимий кентда бўлиб, унинг бетакрор жозибасидан баҳра олган эдим. Самарқанд менга жуда ҳам ёқади. Шаҳарнинг кўркамлиги, одамларининг самимийлиги ҳар доим мени ўзига оҳанрабодек тортиб туради. Аслида ҳам туризм шаҳарлари мана шундай жозибага эга бўлиши керак. Шундагина у ерда туризм ривожланади.
Мен бунинг исботини Самарқанд мисолида кўриб гувоҳи бўлиб турибман. Бевосита экспедицияга тўхталадиган бўлсак, мақсадимиз дунё халқларини ўзаро ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаб, ер юзида тинчлик ва хотиржамлик ҳукм суришини таъминлашга ҳисса қўшиш. Римдан бошланган экспедициямиз Буюк Ипак йўли шаҳарлари орқали Гонконгга етиб бориши кўзда тутилган. Бир ҳафтадирки Ўзбекистондамиз. Бу вақт оралиғида жойларда туристик объектлар билан танишиб, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси билан янада яқинроқ танишиш имкониятига эга бўлдик.
Ташриф давомида меҳмонлар Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда мажмуаси, Мирзо Улуғбек музей-мажмуаларида бўлиб, халқимиз тарихи, маданияти билан яқиндан танишди. Бир неча минг йиллик обидаларнинг бунёд этилиш тарихи, уларда дунё илм-фани учун асос бўлган илмий изланишлар олиб борилгани ҳақидаги маълумотлар меҳмонларнинг қизиқишини янада оширди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари