Риэлторлик соҳасида қонунбузарликлар қайд этилди
Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги қонунлари ижроси юзасидан олиб борилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Вилоят прокуратураси бўлим бошлиқлари М.Ҳамроева ҳамда Х.Мусурмонов жорий йил бошидан буён мазкур қонунлар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган прокурор назорати тадбирлари ва ўрганишлар натижалари ҳақида маълумот берди.

– “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонунда якка тартибдаги тадбиркор мақомига, малака сертификатига ҳамда ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш полисига эга бўлган шахслар риэлтор сифатида кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимларни тузиш жараёнида воситачилик хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган, – деди вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Хуршид Мусурмонов. – Бироқ, вилоятда риэлторлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган 500 нафардан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг атиги 38 нафари тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган. Энг ачинарлиси, риэлторлик соҳасида фаолият олиб бораётган шахсларнинг 8 нафари(1,6 фоизи)гина малака сертификати ҳамда суғурта полисига эга, холос. Қонун билан риэлторга риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмаларидан бирига аъзо бўлиш мажбурияти юклатилган. Бироқ вилоятда бор-йўғи 6 нафар риэлторлар профессионал жамоат бирлашмаларига аъзо бўлгани аниқланди.
Риэлторлар томонидан “Реклама тўғрисида”ги қонун талаблари ҳам қўпол равишда бузилиб, ижтимоий тармоқлар орқали турар ва нотурар объектларини реклама қилишда нархларни (тарифларни) чет эл валютасида кўрсатиш, бошқа тилларда реклама қилиш ҳолатлари авж олган. Хусусан, ўрганишларда 150 нафар риэлторлар томонидан нархлар хорижий валютада кўрсатиб келинганлиги, 24 нафар риэлтор рекламаларни давлат тилида эмас, бошқа хорижий тилларда эълон қилиб келганлиги кузатилди.

Кўп ҳолларда риэлторлар томонидан кўчмас мулк, шунингдек, объектда тақиқ, гаров, низо ёки бошқа ҳуқуқий чекловлар мавжудлиги, унинг мулкдорлари ҳақидаги маълумотлар тўлиқ ўрганилмасдан битимлар тузилиши оқибатида қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётгани қайд этилди. Мисол учун, риэлтор “Қ.К.Б” воситачилигида тузилган олди-сотди шартномасига кўра асл майдони 0,40 гектар бўлган, улушли, яъни мерос ҳуқуқи мавжуд ер майдони, олди-сотди шартномасида 0,70 гектар этиб кўрсатилиб, туман ҳокимлиги захирасида бўлган 0,30 гектар ер майдони ҳам қўшиб олинган ҳолда фуқаро “О.М.Х” томонидан “S.I.D” МЧЖга сотилган. Бу каби қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 6 та жиноят иши қўзғатилган.
Х.Мусурмоновнинг қайд этишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда кўчмас мулк олди-сотдиси билан боғлиқ жараёнларда риэлторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқадиган ваколатли органлар назарда тутилмаган. Шу боис, риэлторлар асосан реклама тўғрисидаги қонунчилик талабини бузганлиги асоси билан маъмурий жавобгарликка тортилмоқда, ягона реестрга кирмасдан, малака сертификатисиз ёки бошқа риэлторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузган ҳолда ишлаётган даллоллар ҳеч қандай монеликсиз воситачилик фаолияти билан шуғулланиб келишмоқда.
Хусусан, 2022-2025 йиллар давомида вилоятда риэлторлар воситачилигида қиймати 303,5 миллиард сўмлик 2553 та нотурар объект сотилган. Бироқ реализация қилинган ушбу объектлардан умуман солиқлар ҳисобланмаган. Малака сертификатига эга бўлмаган, жисмоний шахс шаклидаги 450 нафардан ортиқ “даллоллар” ҳамда 9 та юридик шахс шаклидаги риэлторлик ташкилотлари жорий йилда ўз даромадидан бир сўм ҳам солиқ тўлмаган.
Юридик шахс шаклидаги 29 та риэлторлик ташкилоти томонидан 2025-2026 йиллар давомида жами 5 миллиард 249 миллион сўмлик товар айланмаси мавжудлиги ҳақида солиқ ҳисоботи берилиб, шундан 632 миллион сўм солиқ тўланган. Ваҳоланки, биргина “С.Д.Р.С” МЧЖ воситачилигида 2025-2026 йиллар давомида қиймати 164 миллиард сўмлик 864 та нотурар объект олди-сотди қилиниши натижасида 4 миллиард 923 миллион сўм товар айланмаси шаклланиб, 185,2 миллион сўмлик солиқлар тўланмасдан қолган.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 185 та жисмоний ва юридик шахс ўқув марказларида ўқитилган, 167 нафарига риэлторлик гильдиясининг сертификатлари олиб берилган, тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритилган. Шунингдек, 156 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган ва қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 6 та жиноят ишлари қўзғатилди.
Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари ва риэлторлик соҳаси вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбирлари