Режа атиги 19 иш кунида ортиғи билан бажарилди
Ерга меҳр билан экилган ҳар бир уруғ деҳқоннинг ҳалол меҳнати ва юртга садоқатининг ёрқин ифодасидир. Бугун Янги Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бозор механизмларини жорий этиш ва меҳнат аҳлининг манфаатдорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ўзининг юксак самарасини бермоқда. Бунинг амалий исботини Бухоро вилояти ғаллакорлари жорий мавсумда қўлга киритган улкан ютуқларда яққол кўриш мумкин.
Вилоят миришкорлари давлатга дон сотиш бўйича шартномавий режани атиги 19 иш кунида ортиғи билан бажариб, мамлакатимиз ғалла хирмонига муносиб ҳисса қўшди. Бу нафақат юксак меҳнат унумдорлиги, балки илмий ёндашув, самарали бошқарув ва деҳқон меҳнатига берилган муносиб эътиборнинг ёрқин натижасидир.
Жорий йилда Бухоро вилоятидаги 3038 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 65 минг гектар майдонга буғдойнинг серҳосил “Алексеевич”, “Валена”, “Гурт”, “Васса”, “Гром”, “Собербаш”, “Еланчик”, “Таня” каби сараланган навлари экилиб, агротехник талаблар асосида сифатли парвариш қилинди. Куз-қиш ва баҳор мавсумида амалга оширилган барча агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилгани туфайли далаларда мўл ва баракали ҳосил етиштирилди.

Сўнгги йилларда ғаллачилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар фермерларнинг иқтисодий манфаатдорлигини янада кучайтирди. Ер майдонларининг тўлиқ фермерларга бириктирилиши, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва бошқа моддий ресурсларнинг ўз вақтида етказиб берилиши юқори ҳосилдорликка мустаҳкам замин яратди.
Айниқса, Президентимизнинг “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада янги даврни бошлаб берди. Энди фермерлар давлат шартномаси бажарилгандан кейин қолган буғдой ҳосилини бозор нархида эркин сотиш имкониятига эга бўлди. Бу эса уларнинг даромади ва моддий манфаатдорлигини сезиларли даражада ошириб, янада самарали меҳнат қилишга кучли рағбат уйғотди.
Ўрим-йиғим мавсуми ҳам юқори даражада уюшқоқлик билан ташкил этилди. Вилоятда 230 та комбайн отряди шакллантирилиб, уларга 1100 дан ортиқ юк автомобили, 32 та кўчма устахона ва 44 та ёнилғи ташиш воситаси бириктирилди. Ана шу пухта ташкил этилган тизим туфайли исрофгарчиликка йўл қўйилмасдан, ҳосил қисқа муддатларда йиғиб олинди.

2026 йил 25 июнь ҳолатига кўра, давлат хирмонига 215 минг 296 тонна дон топширилди. Шундан 193 минг 886 тоннаси товар дони, 21 минг 411 тоннаси уруғлик дон бўлиб, давлатга дон сотиш бўйича шартномавий режа ортиғи билан бажарилди.
Бу муваффақиятда Олот, Жондор, Ромитан, Вобкент, Бухоро, Пешку, Когон ва Қоракўл туманлари ғаллакорларининг ҳиссаси айниқса катта бўлди. Айрим илғор фермер хўжаликлари ҳар гектардан 90–95 центнергача ҳосил олишга эришиб, вилоят қишлоқ хўжалиги тарихида янги рекордни қайд этди. Оғир иқлим шароити ва сув танқислигига қарамасдан бундай натижага эришилгани бухоролик деҳқонларнинг юксак маҳорати, меҳнатсеварлиги ва замонавий агротехнологияларни самарали қўллаётганининг амалий исботидир.
Жорий мавсумда вилоятда 600 минг тоннадан ортиқ буғдой ҳосили етиштирилди. Бундан 2 триллион 120 миллиард сўм даромад олиш режалаштирилган бўлиб, шундан 730 миллиард сўми соф даромад сифатида фермерлар ихтиёрида қолади. Шунингдек, давлат шартномасидан ташқари 400 минг тоннадан зиёд ҳосил ҳам фермер хўжаликлари тасарруфида қолиши уларнинг иқтисодий барқарорлиги ва келгуси режаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Энг муҳими, бу улкан зафар ортида минглаб деҳқонлар, механизаторлар, агрономлар, муҳандислар ва соҳанинг барча меҳнаткашларининг тунни тонгга улаган машаққатли меҳнати мужассам. Улар томонидан уйилган бу хирмон юртимиз дастурхонининг тўкинлиги, халқимиз фаровонлиги ва мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигининг мустаҳкам кафолатидир.
Бухоро вилояти ғаллакорларининг бу йилги меҳнат ғалабаси нафақат рақамларда, балки мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг амалий натижасида ҳам ўз аксини топди. Тобора яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири