Республика ишчи гуруҳи Андижонда
Аҳоли муаммоларини ўрганиш, ҳудудларда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича Давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги идоралараро республика ишчи гуруҳи Андижон вилоятида ўрганишлар олиб бормоқда.
Мактабгача таълим муассасаларида шароитларни яхшилаш ҳамда умумтаълим мактабларида ўқувчиларни касб-ҳунарга ўргатиш борасидаги ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида вазир дастлаб Андижон туманидаги 55-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлди. Мазкур умумтаълим мактабида 600 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олади. Мактабда ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 10- ва 11- синф ўқувчилари учун сават тўқиш, кўрпача тикиш, мебель таъмирлаш, пойабзал тузатиш, қандолатчилик, пазандалик, тайёр маҳсулотни қадоқлаш, чеварлик ҳамда тикувчилик йўналишларида ўқув синфлари ташкил этилиб, самарали фаолият олиб бормоқда.
Вазир касбий таълим бўйича машғулотлар жараёнларини кузатди, ўқувчи ёшлар билан суҳбатда бўлди. Шунингдек, ёшларнинг муаммоларини ўрганиш ва улар ўртасидаги низоли вазиятларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича ҳудудда фаолият олиб бораётган инспектор-психолог ходимнинг фаолияти билан ҳам танишилди. Ёшларни таълимга йўналтириш, уларни юксак маънавиятли ва баркамол шахс бўлиб улғайишига қаратилган дастурларнинг ижросини таъминлаш бўйича топшириқ ва тавсиялар берди.
[gallery-10596]
Пўлат Бобожонов маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш борасидаги ишлар билан танишиш мақсадида Андижон туманидаги “Садда таги” маҳалласида бўлди. Маҳаллада жиноятчилик ҳолатларини бартараф этиш бўйича маҳалла раиси, фаоллари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, имом ва отинойилар билан ҳамкорликда ишларни янада мустаҳкамлаш бўйича тегишли топшириқлар берди.
Йил давомида бирорта жиноят қайд этилмаган “Садда таги” маҳалла фуқаролар йиғини ички ишлар профилактика инспектори А.Аброровнинг фаолияти намунали, деб баҳоланди ва мутасаддиларга унинг иш тажрибасини бошқа маҳаллаларда ҳам жорий этиш бўйича вазифалар топширилди.
Аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида “Садда таги” маҳалласида эксперимент тариқасида барпо этилган сендвич панелли, енгил конструкцияли йиғма уйлар билан танишилди.
Андижон тумани адирликларида барпо этилаётган Янги Андижон шаҳридаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари кўздан кечирилди. Вазир иштирокида мазкур ҳудудга 1 минг 200 туп арча, павлония ҳамда каштан кўчатлари экилди. Тизим ходимлари томонидан ҳудудда кўчат экиш ишларини келгусида яна давом эттириш белгилаб олинди.
Янги Андижон шаҳрида қад ростлаган 1-сонли умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланган йўл ҳаракати хавфсизлиги хонаси кўздан кечирилди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу каби ўқув хоналари айни кунга қадар вилоятдаги 64 та умумтаълим мактаби ҳамда 85 та мактабгача таълим муассасасида ташкил этилиб, зарур воситалар билан жиҳозланган.
Шунингдек, Ички ишлар вазири Андижон вилояти ИИБ ЖХХ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги тадбирлар таъсирчанлигини ошириш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг ҳудудларга бириктирилиши бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Жараёнда йўлларда ҳаракатланиш маданиятини шакллантиришга қаратилган комплекс профилактик чораларни кучайтириш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, йўл-транспорт ҳодисаларини кескин камайтириш юзасидан фикр ҳамда мулоҳазалар билдирилиб, тегишли топшириқлар берилди.
Шундан сўнг Ички ишлар вазири раҳбарлигидаги идоралараро республика ишчи гуруҳи масъуллари, Ички ишлар вазирлиги Академияси бошлиғи ўринбосари, профессор Ойбек Камолов иштирокида Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида “Ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди. Тадбирда ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, таҳликали вазиятларда огоҳликни унутмаслик, талаба-ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик, юртимизда ёшлар учун яратиб берилаётган кенг имкониятлардан самарали фойдаланиш, пухта билим олиб, келгусида юртимиз равнақига муносиб хизмат қиладиган малакали кадр бўлиб етишиш сингари қатор масалалар хусусида атрофлича сўз юритилди. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги идоралараро республика ишчи гуруҳининг Андижон вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА