“Renessans TV” телеканали тақдимоти ўтказилди
Мамлакатимиз тарихидаги муҳим сиёсий воқеа – 2021 йил 24 октябрда ўтказиладиган Ўзбекистон Президенти сайловини кенг ёритишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) ташаббуси билан ташкил қилинган Халқаро медиа-холлда “Renessans TV” телеканали ижодий-ташкилий йўналишларининг жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.
Ушбу янги телеканалнинг келгусидаги фаолият йўналиши қандай бўлади, унинг ижодий стратегияси қай йўсинда олиб борилади? Янги телеканал тақдимотига бағишланган тадбир Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси ўринбосари, мазкур тузилма бош директори Жалолиддин Сафоевнинг тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этган шундай саволи билан бошланди.
— Бугун мамлакатимиздаги янгиланиш жараёнлари ақлни лол қолдиради,- деди Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров. — "Renessans TV” телеканали асосий информацион майдонлар йўналишларни ўз ичига олган йирик ахборот платформаси бўлиши керак назаримда. Бу ахборот майдони ранг-баранг ахборотларни, ҳатто биз четга суриб ташлаган информацияларни ўзида мужассам этмоғи зарур.

У ранг-баранг ўзгаришларни чуқур, таҳлилий асосда, экскалатор сингари муттасил тақдим этиб бориши керак менингча. Янги ташкил этилаётган телеканал бугунги давр ўзгаришлари, унинг талабларига ҳамоҳанг руҳда бўлмоғи, бепоён Ватанимизнинг ижод, фантазия йўлларини тан олиши керак.
Президентимиз томонидан Ўзбекистоннинг тараққиёт йўналиши аниқ гавдалантириб берилди. Бугун янги Ренессанс замонига дарвозалар кенг очилмоқда. Янги телеканал сизнинг, бизнинг, барчамизнинг орзу-интилишларимизни ифода этадиган телеканал сифатида дунёга чиқади, деб ўйлайман.
Тадбирда янги ташкил этилган “Renessans TV” телеканали турли бачканаликлардан, саёзликлардан, енгил-елпиликлардан холи бўлмоқлиги кераклигига алоҳида урғу берилди. Зеро, мазкур мулоқот ҳам телеканал йўналишини ўз ҳолича эмас, мамлакатимизнинг маърифий жамоатчилиги, ижодкор зиёлилар, кўпчилик билан бамаслаҳат иш тутган ҳолда белгилашга эътибор қаратаётгани диққатга сазовордир.

– “Renessans TV” телеканали катта юксак ном билан майдонга чиқмоқда, – деди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов.
– Янги телеканал миллионлаб қалбларни тарбиялашга қодир бўлган катта дарсхона, ибратхона бўлишига умид қиламиз. У ўз номига “Ренессанс”га муносиб бўлмоғи керак, деб ўйлайман.
Аждодларимиз икки муҳим Уйғониш даврининг бунёдкоридирлар. Лекин афсуски, бу Ренессансни бунёд этиш билан бирга уни таназзулга, йўқотишга сабабчи бўлган жиҳатлар ҳам бўлган. Янги телеканал ана шу барча жиҳатларни ўзида акс эттиришига эътибор қаратамизки, токи хатолар тарихдан тўғри сабоқ олишга ўргатсин.

Каналнинг номи жуда баланд, Унда миллатнинг қалби, юраги, юксак мақсадлар билан яшаётган халқимизнинг интилишлари, маърифатпарвар жадид боболаримизнинг ғоялари акси керак деб ўйлайман. Айни талаб эса янги телеканал ижодкорларига катта масъулият юклайди.
“Renessans TV” телеканалини ташкил этиш жорий йилнинг 2 апрель куни ЎзЭОАВМА конференциясида қабул қилинган “Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” медиа дастуридан ўрин олган эди. ЎзЭОАВМА аъзоларининг умумий йиғилишида барча ҳудудий нодавлат телеканаллар билан ҳамкорликда ягона телетармоқ яратиш режаси бир овоздан қўллаб-қувватланган эди.
Маълумки, ЎзЭОАВМА элликка яқин нодавлат марказий ва ҳудудий телерадиоканалларни ўзи ичига олади. “Renessans TV” телетармоғи мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатаётган 14 та нодавлат телеканални ўзида бирлаштиради.

“Renessans TV” орқали ушбу телеканаллар томонидан узатилган, ҳудудлардаги юз бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги хабар ва янгиликлар, таҳлилий материаллар бутун республика бўйлаб тарқатилади. Шунингдек, “Renessans TV”нинг марказий таҳририяти суратга олинган медиа маҳсулотлар, сиёсий-ижтимоий дастурлар, фильм ва кўрсатувлар ҳудудий телеканаллар эфири орқали тарқатилиши мумкин.
Айни пайтга қадар “Renessans TV”ни давлат рўйхатидан ўтказиш, тегишли частоталарга уланиш билан боғлиқ ташкилий масалалар ҳал этилди. Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлигига қарашли, фойдаланилмай турган бино агентлик раҳбарияти билан келишилган ҳолда қайта таъмирланди. Зарур жиҳозлар, техника воситалари келтирилди. Телеканалнинг ижодий ва техник жамоаси шакллантирилмоқда.
2021 йилнинг 1 сентябридан “Renessans TV” телеканали тест режимида иш бошлади. Ҳозири кунда телеканал орқали муҳим янгиликлар, сайлов хабарлари, ўзбек киноижодкорлари томонидан яратилган фильмлар, концерт дастурлари ижтимоий роликлар мунтазам бериб борилмоқда.

Тез орада телеканал тўлиқ форматда иш бошлайди. Унда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самаралари, халқимизнинг турмуш тарзи, юртимизда ва хорижда юз бераётган ҳодисалар тезкор ва холисона тарзда ёритиб борилади.
Телеканал ижодий жамоаси тақдим этаётган дастурларни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси маркази”, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ва бошқа бир қатор нодавлат ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, таниқли журналистлар, ёзувчилар, олимлар, соҳа экспертлари иштирокида муҳокама қилинди.
Муҳокамалар жараёнида янги телеканални жамоатчилик минбарига айлантириш таклифи илгари сурилди. Тадбирда янги телеканални бошқа аналогига ўхшамаган тарзда, ўзига хос, маданий-маърифий, илмий, ахборот-информацион йўналишда фаолиятини йўлга қўйиш масаласи ўртага ташланди.

Халқаро медиа-холлда ўтказилган тақдимот маросимида Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви аъзолари, мутасадди идоралар вакиллари, таниқли маданият ва санъат арбоблари, маҳаллий ва хорижий журналистлар, ижодкор ёшлар иштирок этишди.
Телеканал ходимлари “Renessans TV”нинг ижодий ва техник имкониятлари хусусида атрофлича маълумот берди. Эътиборга молик жиҳати, янги ташкил этилаётган “Renessans TV” телеканалининг фаолият йўналиши мамлакатимиз маърифий жамоатчилигининг ғоя ва таклифларини инобатга олган ҳолда шакллантирилади.
Назокат Усмонова, ЎзА