Регби мураббийси Хоразмда маҳорат дарсларини ўтказмоқда
Кейинги йилларда Хоразмлик регбичилар халқаро ва Республика мусобақаларида муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 11-12 апрель кунлари Малайзия давлатининг Сандакан шаҳрида “Регби-7” бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида анъанавий “XXV Borneo Sevens -2026” халқаро мусобақада мамлакатимиз аёллар терма жамоаси кумуш, эркаклар жамоаси бронза медалига сазовор бўлди. Эътиборлиси, иккала жамоамизнинг ушбу муваффақиятига кўплаб хоразмлик регби усталари ўзининг муносиб улушини қўшди.
Бу ютуқларни янада мустаҳкамлаш, спортчиларимизнинг маҳоратини янада ошириш мақсадида кўплаб олимпиада чемпионларини етиштирган, дунёда регби спортининг мутлақ етакчиси ҳисобланган Фижи давлатидан халқаро даражадаги тажрибали мураббий, Dakuitogo David Arnold Хоразм вилоятига таклиф қилинди.

Айни кунларда Фижилик юқори малакали мураббий воҳалик ёш регбичилар ҳамда маҳаллий мураббийлар учун маҳорат дарсларини ўтказмоқда. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Миллий Олимпия қўмитасининг Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси ва Ўзбекистон регби федерацияси вилоят ҳудудий бўлими ҳамкорлигида амалга оширилди.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 19 сентябрь – 4 октябрь кунлари Японияда XX – Осиё ўйинлари ўтказилади. “Ayti-Nagoya - 2026” дастуридан ўрин олган жамоавий ўйинларда хоразмлик регбичилар ҳам қатнашади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири