Референдум халқ иродаси ифодасидир
Сирдарё вилоятининг Гулистон тиббиёт кластерида халқ муҳокамасига қўйилган "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида" ги Конституциявий қонун лойиҳаси, унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун моҳиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Хуршид Ҳакимов ҳамда Гулистон тиббиёт кластери ходимлари иштирок этди. “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида" ги Конституциявий қонун лойиҳасига киритилган янгилик ва ўзгаришлар, мазкур қонун лойиҳаси асосида шу йилнинг 30 апрел санасида ўтказилиши кутилаётган референдум тўғрисида сўз юритилди.

–Янгиланган Конституцияга ўзгартириш киритиш зарурати мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ва маданий ҳаётидаги туб ўзгаришлар билан боғлиқ, – деди Хуршид Ҳакимов. – Муҳими, янги Конституцияда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ нормалар 4 баробарга кўпайиб, фуқароларни сифатли ва кафолатланган пакет доирасида бепул тиббий хизмат олиш ҳуқуқи 48-моддада мустаҳкамлаб қуйилди. Бу эса аҳолига давлат томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар кўламини янада кенгайтириш, аҳолини ўртача умр кўриш кўрсаткичини узайтириш, оналар ва болалар ўлимини қисқариш имконини бериб, аҳоли саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий замин ҳозирлайди.

Хуллас, Гулистон тиббиёт кластерида Конституциявий қонун лойиҳасига бағишлаб ўтказилган тарғибот тадбирида янгиланаётган Конституция, унга киритилган ўзгартиришларга аҳамият қаратилиб, 30 апрелда мамлакатимизда бўладиган сиёсий тадбир, референдумда фаоллик кўрсатиш, референдум жараёнига ташриф буюрган аҳоли вакилларига намунали тиббий хизмат кўрсатиш тўғрисида сўз юритилди. Сиёсий тадбир олдидан бажарилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.
Ш. Суяров,
ЎзА