Равшан Ҳайдаров: Осиё ўйинларига медаллар учун курашиш мақсадида келдик
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров Осиё ўйинлари бошланиши арафасида ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этиб, жамоанинг турнирдаги мақсадлари ва тайёргарлик жараёни ҳақида гапирди.
Мутахассис Осиё ўйинларини қитъадаги энг йирик спорт мусобақаларидан бири сифатида эътироф этиб, Ўзбекистон терма жамоаси Японияга юқори мақсадлар билан келганини таъкидлади.
"Осиё ўйинлари — қитъамиз учун жуда катта мусобақа. Уни кўплаб спорт турлари жамланган кичик Олимпиада деб аташ мумкин. Барча иштирокчиларга, жумладан, гуруҳимиздаги рақибларимизга ҳам ўз олдига қўйган мақсадларига эришишини тилайман. Ўзбекистон бу ерга энг сара спортчилари билан муносиб иштирок этиш учун келди. Биз ҳам ушбу нуфузли турнирга йил давомида тайёргарлик кўрдик. Асосий мақсадимиз — Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш ва медаллар учун курашиш", — деди Ҳайдаров.
Ўзбекистон U-23 бош мураббийи Япониядаги ташкилий жараёнларга ҳам юқори баҳо берди.
"Аввало, ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирамиз. Бундай йирик мусобақани қабул қилаётган Японияга раҳмат айтамиз. Бу мамлакат доимо катта турнирларни юқори савияда ташкил этиб келган. Ўйлайманки, Осиё ўйинлари ҳам юқори даражада ўтади", — деди мутахассис.
Ҳайдаровнинг таъкидлашича, терма жамоанинг вақт ва иқлим шароитига мослашиши учун тайёргарлик олдиндан режалаштирилган. Бу жараён Тошкентдаги йиғинданоқ бошланган.
"Япония билан вақт фарқи тўрт соатни ташкил қилади. Шу сабаб футболчиларни бунга мослаштириш ишларини Тошкентдаёқ бошлагандик. Кейин тайёргарликни Хитойнинг Далян шаҳрида давом эттириб, назорат учрашуви ўтказдик. У ердаги иқлим Японияникига ўхшаш, вақт фарқи эса атиги бир соат. Ўйлайманки, на вақт, на иқлим борасида муаммо бўлади. Футболчиларимиз янги шароитга мослашиб улгурди", — дея қўшимча қилди Ҳайдаров.
Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Осиё ўйинларидаги юришини 15-сентябрь куни Филиппинга қарши учрашув билан бошлайди. Нагоядаги "Минато Соccер Фиелд"да ўтказиладиган баҳс Тошкент вақти билан соат 11:30 да старт олади.
Ўзбек ва жаҳон спортига оид энг сўнгги янгиликлар: @Uzasport