Рашад Маммадов: Қардошлик ришталари ва муштарак келажак бизни тараққиётга элтади
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами муносабати билан Озарбайжон Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Рашад Эйнаддин ўғли Маммадов мамлакатимизнинг сўнгги йиллардаги тараққиёти, амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистон – Озарбайжон ҳамкорлигининг устувор йўналишлари, шунингдек, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари хусусида фикр билдирди.
– Қайд этиш керакки, Ўзбекистон 35 йил ичида давлатчилик анъаналарини мустаҳкамлаб, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда салмоқли ютуқларга эришди. Айниқса, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётига янги суръат бахш этди. Ўлканинг халқаро нуфузи ва минтақавий ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришга муҳим ҳисса қўшди.
Мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар билан бир қаторда, сўнгги йилларда Озарбайжон – Ўзбекистон муносабатларининг улкан тараққиёт йўлини алоҳида таъкидлаш лозим. Халқларимизни асрлар давомида шаклланган умумий тарихий илдизлар, тил ва маданиятнинг яқинлиги, миллий ва маънавий қадриятлар, дўстлик ва биродарлик анъаналари бирлаштиради.
Озарбайжон халқининг умумиллий раҳнамоси Ҳайдар Алиев билан Ўзбекистон давлати ва ҳукумати раҳбарлари ўртасида шаклланган ўзаро ишонч ва дўстлик муносабатлари бугунги Озарбайжон – Ўзбекистон қардошлигининг муҳим рамзидир. Ана шу мустаҳкам пойдеворга асосланган давлатлараро муносабатларимиз сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Мамлакатларимиз икки томонлама ҳамда Туркий Давлатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро платформалар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилиб, томонларни қизиқтирган масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватламоқда. Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасидаги ўзаро ишонч, самимий дўстлик ва сиёсий ирода қардош давлатлар ўртасидаги муносабатларни жадал ривожлантиришда катта рол ўйнамоқда.
2024 йилда Тошкентда имзоланган “Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома", мамлакатимиз етакчиси Илҳом Алиевнинг 23-24 август кунлари Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзолаган Абадий дўстлик тўғрисидаги битим шерикликнинг янги босқичини бошлаб берди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик Озарбайжон – Ўзбекистон иттифоқчилик муносабатларининг асосий йўналишларидан биридир. Ўзаро савдонинг ўсиши, қўшма инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорликнинг кенгайиши иқтисодий шерикликнинг янги босқичга кўтарилганидан далолат беради. Қорабоғнинг иқтисодий тикланиши ва янги иш ўринлари яратилишида салмоқли ўрин тутаётган Озарбайжон ва Ўзбекистон қўшма корхонаси бўлган Ханкенди тикувчилик фабрикаси ана шу ҳамкорликнинг муваффақиятли намуналаридан биридир.
Икки қардош ўлка ўртасида транспорт-логистика ҳамкорлигини ривожлантириш алоҳида стратегик аҳамиятга эга. Ўрта коридорнинг ривожланиши мамлакатларимизнинг транзит имкониятларини кенгайтириш билан бирга, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги иқтисодий, энергетик ва рақамли алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Транс-Каспий йўлининг кенгайиши ва логистика инфратузилмасининг такомили минтақавий интеграция ва ўзаро савдонинг кенгайишига муҳим ҳисса қўшмоқда.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик республикаларимиз ўртасидаги муносабатларнинг асосий ва устувор йўналишларидан биридир. Озарбайжон ва Ўзбекистон халқларини бир-бирига боғлаб турган умумий тарихий ўтмиш, тил ва маданиятнинг яқинлиги, асрлар давомида шаклланган умумий маънавий қадриятлар қардош халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларнинг мустаҳкам пойдеворини ташкил этади.
Бу йўналишда ўзаро маданият кунлари алоҳида аҳамиятга эга. Жумладан, 2023 ва 2025 йилларда Озарбайжонда Ўзбекистон маданияти кунлари, 2024 йилда эса Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти кунлари ташкил этилди. 2024 йилда Хивада “Шуша кунлари”нинг ўтказилиши, шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг Бокуда бўлиб ўтган биринчи Туркологик қурултойнинг 100 йиллигига бағишланган Турк дунёси ҳафталигида иштироки маданий алоқаларни янада кенгайтириш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди.
Қардош юртнинг энг қадимий ва нуфузли олий ўқув юртларидан бири бўлган Ўзбекистон Миллий Педагогика университетининг Низомий Ганжавий номи билан юритилиши халқларимизнинг умумий адабий ва маданий меросга юксак ҳурматнинг ёрқин ифодасидир. Шунингдек ўзаро талаба алмашинуви ва қўшма таълим ташаббуслари икки мамлакат ўртасидаги гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашда улкан аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Қорабоғни тиклашда ёрдамга шошилган биринчи давлат сифатида ўзининг амалий фаолияти орқали Озарбайжон билан дўстлик ва қардошлигини намойиш этди. Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистоннинг Қорабоғни тиклашдаги кўмаги ва кўрсатган бирдамлигини юксак баҳолаб, шундай таъкидлаганди: “Озарбайжонга Қорабоғни тиклашда илк ёрдам кўрсатган айнан Ўзбекистон бўлди”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Фузулий шаҳрида бунёд этилган ва Озарбайжон халқига совға қилинган Мирзо Улуғбек номидаги умумтаълим мактаби ана шу биродарлик ва ҳамжиҳатликнинг ёрқин намунасидир.
Таълим ва ёшлар соҳасидаги ҳамкорликнинг давоми ўлароқ, 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига Озарбайжон ва Ўзбекистон биргаликда мезбонлик қилиши мамлакатларимиз ўртасидаги спорт алоқалари ривожланиб бораётгани ва ўзаро ишончни намойиш этади. Ушбу нуфузли мусобақа икки давлатнинг спорт ва сайёҳлик салоҳиятини халқаро миқёсда тан олинишига, ёшлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ишончим комилки, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик иттифоқ бундан буён ҳам сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар, инвестиция, транспорт-логистика, фан ва таълим соҳаларидаги янги лойиҳа ва ташаббуслар билан янада бойиб бораверади.
Озарбайжон ва Ўзбекистон дўстлиги абадий, стратегик иттифоқимиз доимо мустаҳкам бўлсин!
Ў.АЛИМОВ, ЎзА