Рақобат муҳитини ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди
Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенати ташаббуси ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамкорлигида “Глобал ноаниқлик шароитида барқарор иқтисодий ўсиш драйвери сифатида рақобат сиёсати чоралари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда Олий Мажлис палаталари, вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек Германия, Туркия, Грузия, Озарбайжон, Италия ва бошқа мамлакатлар ёндош идоралари раҳбарлари ҳамда экспертлар иштирок этди.

Тадбирда геосиёсий ўзгариш, таъминот занжиридаги узилиш, инфляция босими даврида соғлом рақобат барқарор иқтисодий ўсишнинг муҳим омили экани таъкидланди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, монополиялашувни камайтириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ҳамда замонавий рақобат сиёсатини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, янги таҳрирдаги “Рақобат тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, рақамли платформа бозорида рақобатни тартибга солиш ва монополияга қарши механизмни такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асоси яратилди.

Конференция давомида рақобат сиёсатини такомиллаштиришга замонавий ёндашув, стратегик тармоқда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш, рақамли иқтисодиёт шароитида монополияга қарши кураш жараёнини тартибга солиш, трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда илғор халқаро тажрибани амалиётга жорий этиш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Д.Ҳакимов, ЎзА