Рақамли тиббиёт: электрон поликлиникадан қандай фойдаланилади?
Тиббий маданият
Мамлакатимизда тиббиёт тизимини рақамлаштириш орқали аҳолига кўплаб қулайликлар яратилмоқда. Шулардан бири бўлган “Электрон поликлиника” модули вақтни тежаш ва ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ушбу рақамли хизматдан фойдаланиш учун аввало, DMED тизими иловасини телефонга юклаб олиб, рўйхатдан ўтилади.
Поликлиника ҳамда бириктирилган оилавий шифокорингиз танланади.Оилавий шифокорга my.gov.uz, DMED иловаси, поликлиника рўйхатхонаси ёки “Мухлиса” инфокиоскаси орқали онлайн тарзда навбатга ёзилиш мумкин.
Қабул вақтида поликлиникага биринчи марта келаётган бўлсангиз, аввал амалиётчи ҳамширага учрашасиз. У сизни скрининг сўровномасидан ўтказиб, сўнг оилавий шифокорга йўналтиради.
Оилавий шифокор сизни кўрикдан ўтказади. У ўз ваколати доирасида даволайди ёки зарурат туғилса, лаборатория текширувлари ва тор соҳа мутахассисига йўлланма беради.
Оилавий шифокорингиз томонидан тор соҳа мутахассисига навбат белгиланади. Тор соҳа мутахассиси эса лаборатор ва инструментал текширувлар асосида якуний ташхисни қўяди.
Шифокор ташхисдан келиб чиққан ҳолда электрон рецептни шакллантиради.
Тор соҳа мутахассисининг хулосасини DMED тизими орқали кузатиб борган оилавий шифокорингиз сиз учун индивидуал назорат режасини ишлаб чиқади.
Касаллик турига қараб даволаниш жараёни қуйидагича ташкил этилади:
Амбулатор шароитда;
Уй шифохонасида;
Кундузги шифохонада;
Стационарда;
Иккиламчи ёки юқори технологик ихтисослаштирилган марказларда.
Даволаниш тугаганидан кейин ҳам оилавий шифокор назоратида қоласиз. Шу боис, соғлиғингиздаги ўзгаришлар ҳақида, жумладан, хусусий тиббиёт муассасаларида даволанган бўлсангиз ҳам, уни хабардор қилиб боришингиз талаб этилади.
М.Қосимова, ЎзА