Рақамли технологиялар халқаро марказининг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланмоқда
Рақамли технологиялар ҳаётимиздан, фаолиятимиздан тобора кенг ўрин эгаллаб бормоқда. Шу боис, ушбу соҳада замонавий тартибларни жорий этиш, соҳага оид муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга.
Парламент қуйи палатаси мажлисида иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинган “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси айни шу масалаларга қаратилган.
Қайд этилганидек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган ушбу қонун лойиҳаси билан Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳудудида махсус ҳуқуқий режимни яратиш, хусусан, рўйхатга олиш, лицензиялаш ва тадбиркорлик тартиб-таомилларини соддалаштириш, тижорат операцияларини тартибга солишда халқаро стандартларни қўллаш назарда тутилмоқда.
[gallery-29753]
Шунингдек, мослашувчан солиқ ва божхона режимини жорий этиш таклиф этиляпти. Жумладан, 2100 йилгача бўлган муддатга айрим фаолият турлари бўйича солиқлардан озод қилиш, асбоб-ускуналар, технологиялар ва материалларни олиб киришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.
Конституциявий қонун лойиҳасига кўра, Рақамли технологиялар халқаро маркази фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига асосланган махсус қонунчилик билан бирга Англия ва Уэльс умумий ҳуқуқининг элементларига ҳамда етакчи халқаро молия марказларининг стандартларига асосланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Қонун лойиҳасида Марказ иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш механизмлари, жумладан рўйхатга олиш ва бошқариш учун ягона дарча ташкил этиш, интеллектуал мулк ва инвестицияларни ҳимоя қилиш кафолатларини жорий этиш, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик йўналишларини белгилаш назарда тутилмоқда.
Депутат Б.Тўхтамуродов қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида киритилган ўзгартиришлар ҳақида батафсил маълумот берди. Таъкидланганидек, Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳудудида ахборот хавфсизлигини янада кучайтириш мақсадида булутли технологиялардан фойдаланишда маълумотларнинг хавфсизлиги, яхлитлиги, муҳофазаси, ишончлилиги, шунингдек, маълумотларни қайта ишлаш ҳамда улардан фойдаланиш имконияти таъминланиши зарурияти назарда тутилмоқда.
Марказнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва инвестиция киритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатлари, шу жумладан инвестицияларни ҳимоя қилиш кафолатлари такомиллаштирилмоқда.
Муҳокамаларда қайд этилганидек, қонун лойиҳаси IТ соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини оширишга, рақамли секторга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини кўпайтиришга, IТ хизматлари экспорти ҳажмининг ошишига хизмат қилади. Шунингдек, Ўзбекистонни рақамли технологиялар соҳасида минтақавий етакчи сифатидаги мавқеини оширишга ҳамда соҳада янги иш ўринлари яратилишига асос бўлади.
Қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА