Рақамли технологиялар иқтисодиёт тармоқларида янги имкониятлар очмоқда
Рақамли технологиялар иқтисодиёт тармоқларида янги имкониятларни шакллантириб, иш жараёнларини автоматлаштириш, хизматлар сифатини ошириш ва маълумотлардан самарали фойдаланиш имконини беради. Айниқса, 5G, булутли технологиялар ва сунъий интеллект каби ечимларнинг ривожланиши рақамли инфратузилмани такомиллаштиришга бўлган эҳтиёжни оширмоқда.
Бу йўналишдаги сўнгги технология ва ечимлар шу кунларда пойтахтимизда бўлиб ўтаётган "ICT Week Uzbekistan - 2026" халқаро кўргазмасида ҳам кенг намойиш этилмоқда.
Унда “Huawei” компанияси “Advancing All Intelligence” мавзуси остида 5G ва 5.5G, оптик ва симли тармоқлар, корпоратив тармоқлар, булутли платформалар, маълумотларни сақлаш тизимлари ва сунъий интеллект инфратузилмаси каби замонавий технологияларини намойиш этмоқда.

"Huawei" компаниясининг Марказий Осиё бўйича вице-президенти Ван Ци Ўзбекистонда рақамли инфратузилма жадал ривожланаётганини қайд этиб, 5G, рақамли хизматлар ва сунъий интеллектни амалиётга жорий этиш борасида ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
– Бугун сунъий интеллект бизнес, давлат ва жамият учун янги имкониятлар очмоқда. “Huawei” Ўзбекистоннинг рақамли ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида алоқа операторлари, давлат ташкилотлари ва бизнес вакиллари билан ҳамкорликни давом эттиради. Бунда тармоқлар, булутли технологиялар, ҳисоблаш қувватлари ва сунъий интеллектни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади, – деди Ван Ци.

Экспозицияда технологияларнинг иқтисодиёт тармоқларидаги амалий қўлланилишига ҳам эътибор қаратилган. Молия соҳасида рақамли банк хизматлари учун инфратузилма, транспорт ва логистикада интеллектуал тизимлар, чакана савдода булутли технологиялар ва видеотаҳлил, медиа соҳасида эса рақамли контент билан ишлашга мўлжалланган ечимлар ўрин олган. Шунингдек, "Huawei Cloud" платформаси, "OceanStor" маълумотларни сақлаш тизимлари ва сунъий интеллект учун ҳисоблаш инфратузилмаси катта ҳажмдаги маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш имкониятларини кўрсатмоқда.
Тадбирда рақамли соҳада кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам эътибор қаратилган. "Huawei ICT Academy" дастурлари ва "Huawei ICT Competition 2026-2027" халқаро танловининг янги мавсуми ҳақида маълумотлар берилди.

Қайд этиш керакки, "ICT Week Uzbekistan -2026" каби тадбирлар рақамли технологияларнинг амалий имкониятларини намойиш этиш, соҳадаги янги тенденцияларни муҳокама қилиш ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА