Рақамли назорат ва очиқлик — самарали кураш кафолати
Мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида коррупцияга қарши курашиш, унинг келиб чиқиш сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Айниқса, аҳоли саломатлиги билан бевосита боғлиқ соҳаларда шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш масаласи алоҳида аҳамиятга эга.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Сирдарё вилояти бошқармасида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ҳам мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Тадбирда иштирок этган бошқарма бошлиғининг ўринбосари Жамшид Султонов таъкидлаганидек, коррупцияга қарши курашиш фақат назорат ва жазо чоралари билан чекланиб қолмайди. У, аввало, соғлом иш муҳитини шакллантириш, хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, фуқаролар ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим омил сифатида қаралмоқда. Зеро, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш тизимидаги ҳар қандай қонунбузилиш ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолати фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита таъсир кўрсатади.
Шу нуқтаи назардан, 2022 йил 12 январда қабул қилинган Давлатимиз раҳбарининг "Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорга мувофиқ коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилди ҳамда e-anticor.uz электрон платформа ишга туширилди. Мазкур платформа орқали бошқарма томонидан ҳар чорак якуни бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлар жойлаштириб борилмоқда. Бу эса фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, амалий натижадорликни холис баҳолаш, инсон омилини қисқартириш ҳамда бюрократик тўсиқларни камайтиришга хизмат қилади.

Айни пайтда соҳада профилактик тадбирларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мунтазам ўтказилаётган онлайн семинарлар, ҳар ойлик ва ҳар чораклик таҳлиллар орқали коррупциявий хавф-хатарлар барвақт аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ходимлар ўртасида ҳалоллик, хизмат интизоми ва шахсий масъулият тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Энг муҳими, очиқ мулоқот руҳида ўтган матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакилларининг соҳада кузатилиши эҳтимоли бўлган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан берган саволларига батафсил жавоб қайтарилди. Хусусан, умумий овқатланиш объектлари, мактабгача ва мактаб таълими муассасалари, шунингдек, тиббиёт муассасаларининг санитария ҳолати билан боғлиқ айрим ҳудудларда кузатилаётган коррупциявий ҳолатлар юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар атрофлича муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, соҳада қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ички назорат тизими такомиллаштирилмоқда, рақамли мониторинг механизмлари кенг жорий этилмоқда. Энг асосийси, бу нафақат коррупциявий ҳолатлар ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга, балки аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири