Рақамлаштириш ОИВ/ОИТСга қарши курашиш самарадорлигини оширади
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, 1983 йилдан бошлаб дунёда 85,6 миллионга яқин одам ОИВ/ОИТС билан касалланган ва улардан 40,4 миллионга яқини ушбу вирус келтириб чиқарадиган касалликлардан вафот этган. 39,9 миллиондан ортиқ ОИВ билан яшовчи шахсларнинг 53 фоизини хотин-қизлар ташкил этган.
Афсуски, бу касаллик мамлакатимизга ҳам бегона эмас. Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 51 мингга яқин ОИВ инфекцияси билан касалланганлар аниқланган.
Мутахассисларнинг таъкидланишича, тизимни рақамлаштириш, соҳани такомиллаштириш, жамоатчиликни қўллаб-қувватлаш ва стигмани камайтириш ОИВ/ОИТСга қарши курашишда муҳим рол ўйнайди. Шу боис республикамизда ОИВ/ОИТС касаллигига қарши курашишга, тизимни рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берди:
– БМТнинг Бош Ассамблеяси томонидан 2030 йилга бориб ОИТС эпидемиясига барҳам бериш учун “95-95-95” стратегияси илгари сурилган. Унда ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахсларнинг 95 фоизи ўз мақомини билишлари, махсус даволаш курслари билан қамраб олиниши, 95 фоизининг қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушиши кераклиги белгиланган, – дейди Мафтуна Саидова. – ОИВ билан яшовчи шахсларни даволаш билан қамраб олиш даражасини 95 фоизга етказиш мақсадида Давлат бюджети, Глобал жамғарма ҳисобидан ретровирусга қарши дори воситалари, даволаш жараёнини кузатишда қўлланиладиган реагентлар харид қилинди. Натижада қарийб 45 минг нафар, яъни беморларнинг 89 фоизи ретровирусга қарши махсус терапия билан қамраб олиниб, 86 фоизининг қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушишига эришилди ва улардан бошқаларга касаллик юқишининг олди олинди.
ОИВ инфекциясини эрта босқичларда аниқлашга қаратилган тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида тиббиётнинг бирламчи бўғинига 40 минг дона тезкор-тестлар харид қилиниб тарқатилди.
ОИВ инфекциясининг ретровирусга қарши препаратларга чидамли штаммларини ўз вақтида аниқлаш билан боғлиқ тадқиқот, жумладан, тест-тизимларини харид қилиш ушбу тадқиқотга жалб этилган мутахассисларни молиялаштириш учун Глобал Жамғарма дастури доирасида жами 110 минг АҚШ доллари ажратилиши таъминланди.
“95-95-95” мақсадларига эришиш учун рақамлаштириш ишлари жадаллик билан олиб борилиб, ОИТСга қарши курашиш марказлари электрон ахборот тизими модернизация қилинмоқда. Мазкур тизимнинг йўлга қўйилиши билан аҳолини ОИВга тиббий текширувдан ўтказишдан бошлаб, касаллик аниқланганда уларга кўрсатиладиган барча тиббий хизматлар электрон тизим орқали амалга оширилмоқда. Бу билан нафақат тиббиёт ходимларига, балки ОИВ билан яшовчиларга ҳам бир қатор қулайликлар яратилди. Мисол учун, ОИВ билан яшовчи шахсга республиканинг қайси нуқтасида бўлишидан қатъий назар ўзига энг яқин бўлган ОИТСга қарши курашиш маркази ёки юқумли касалликлар хоналарида ортиқча йўлланма ёки бошқа ҳужжатларни тақдим этмасдан тегишли тиббий хизматларни олиш (“чегарасиз тиббий хизмат кўрсатиш”) имкони яратилди.
Шунингдек, ОИВ билан яшовчи шахслар билан доимий мулоқот майдонини яратиш мақсадида “мобил илова” ишлаб чиқиш ишлари бошланган бўлиб, беморларга масофадан туриб, тиббий хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади.
Нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда ретровирусга қарши даволанишга содиқлиги паст бўлган ОИВ билан яшовчи беморлар, ОИТСга қарши курашиш марказига кела олмайдиган беморларга тиббий-ижтимоий ва психологик хизматлар кўрсатилмоқда. Ўтган йил давомида 30 минг мартадан ортиқ психологик ёрдам кўрсатилди.
Аҳолининг ОИВ инфекцияси бўйича хабардорлигини янада ошириш учун инновацион усуллар татбиқ этилмоқда. ОИВ инфекцияси ва унинг оқибатлари тўғрисида мунтазам равишда тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмитага долзарб мавзуларга оид маъруза матнлари тайёрлаб берилди.Масжидларда имом-хатиблар томонидан ОИВ инфекциясининг олдини олиш бўйича суҳбатлар ўтказилди. Шунингдек, ҳаво, темир йўл, автотранспорт вокзалларида ва уларнинг кутиш залларида мавжуд ахборот етказиш тизимлари орқали тарғибот қилиш бўйича Транспорт вазирлигига 12 турдаги видеоматериаллар тақдим этилиб, жойларда мунтазам намойиш этилмоқда.
ОИВ инфекцияси юқиши ва тарқалиши эҳтимоли юқори бўлган гуруҳлар орасида профилактик тадбирларни, тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш учун жами 8 та нодавлат нотижорат ташкилотлари жалб этилди ҳамда Глобал жамғарманинг жами 0,55 млн. АҚШ долларига тенг бўлган беғараз техник кўмак маблағлари ажратилиши таъминланди.
Истиқболдаги режаларга тўхталадиган бўлсам, 2027 йилга бориб ОИВнинг онадан болага юқишини бартараф этишга эришиш мақсад қилинган. ОИТСга қарши курашиш хизмати, соғлиқни сақлашнинг бошқа хизматларини ахборот тизимлари билан интеграция қилиш, идоралараро ахборот алмашинувини тўлиқ рақамлаштириш режалаштирилган. ЖССТнинг тавсиялари асосида ОИВ инфекцияси бўйича профилактика, диагностика даволаш протоколлари доимий янгилаб борилади. Ҳозирда аҳолини ОИВга текшириш билан қамраб олиш кўламини ошириб бориш, ОИВга экспресс тест ва ўз-ўзини текшириш усулини амалиётга кенг жорий этиш мигрантларни ОИВ инфекциясига ўз вақтида ва мақсадли текшириш, натижадор профилактик дастур механизмини йўлга қўйиш борасида ишлар олиб борилмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА