Рақамлар ортидаги инсон тақдири
Сенатнинг Бухородаги сайёр мажлисида аҳоли бандлиги, даромад манбаларини кўпайтириш ва камбағалликни қисқартириш борасидаги ишлар танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.
Камбағалликни қисқартириш — бу фақат статистик кўрсаткичларни пасайтириш ёки муайян миқдордаги оилани рўйхатдан чиқариш эмас. Бу, аввало, инсонни доимий даромад манбаига эга қилиш, уни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорликка йўналтириш, оила иқтисодий барқарорлигини таъминлаш ва эртанги кунга ишонч уйғотиш демакдир.
Бугун юртимизда инсон қадри ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳам айнан шу мақсадга — эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашдан уларни мустақил даромад топадиган, фаровон ҳаёт кечирадиган оилаларга айлантиришга қаратилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодасидир. Дастур доирасида ҳар бир хонадоннинг имкониятини ишга солиш, аҳолини даромадли меҳнатга жалб қилиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни манзилли қисқартиришга устувор аҳамият берилмоқда. Шу нуқтаи назардан Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг Бухоро вилоятида ўтказилган сайёр мажлиси айни масаланинг ҳаётдаги натижалари, мавжуд муаммолар ва ҳали ечимини кутаётган масалаларни муҳокама қилишда муҳим майдон бўлди.


Сайёр мажлисда аҳоли бандлигини таъминлаш, барқарор даромад манбаларини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда Бухоро вилоятида камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Эътиборлиси, бу жараёнда маҳаллабай ишлаш тизими муҳим механизмга айланди. Ҳар бир оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ўрганилиб, унинг муаммоси умумий рақамлар ичида эмас, балки хонадон кесимида кўриб чиқилмоқда. Бу эса ёрдамнинг манзилли бўлиши, имконият ва эҳтиёж ўртасидаги мутаносибликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
2025 йилда вилоятда 277,9 минг нафар фуқаро даромадли меҳнат билан банд қилинди ва режа кўрсаткичлари 103 фоизга бажарилди. Жорий йил бошида эса вилоятда 31,6 мингта камбағал оила, уларнинг 126,4 минг нафар аъзоси аниқланган бўлиб, камбағаллик даражаси 6 фоизни ташкил этган. Бироқ рақамлар ҳаракатсиз статистика эмас. Уларнинг ортида минглаб оилаларнинг турмуши, режалари, фарзандларининг келажаги ва инсонларнинг меҳнат қилишга бўлган интилиши мужассам. Шу боис жорий йилнинг январь-июль ойларида 10 639 та оиланинг 32 487 нафар аъзосини барқарор бандлик хизматлари билан қамраб олиш режалаштирилган бўлса, амалда 16 041 та оиланинг 66 159 нафар аъзоси ушбу хизматлар билан қамраб олинди. Яъни режа оилалар бўйича 151 фоизга, уларнинг аъзолари бўйича эса 204 фоизга бажарилди. Бу натижалар таъсирида вилоятда камбағаллик даражаси йил бошига нисбатан 1,6 фоиз пунктга камайиб, 4,4 фоизни ташкил этди.
Бу — эътиборга молик натижа. Аммо натижа билан бирга янада катта масъулият ҳам юзага келади: камбағалликдан чиққан оилани яна орқага қайтариб қўймаслик, унинг даромадини барқарорлаштириш ва иқтисодий мустақиллигини таъминлаш. Сайёр мажлисда айнан шу жиҳатга жиддий эътибор қаратилди. Сенаторлар томонидан камбағал оилалар билан манзилли ишлаш, уларга субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратиш, касб-ҳунарга ўқитиш, доимий ва мавсумий иш ўринларига жойлаштириш масалалари танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама қилинди.



Зеро, бир оилага кредит ажратишнинг ўзи ҳали унинг камбағалликдан чиққанини англатмайди. Муҳими — ажратилган маблағ қайси мақсадга йўналтирилди, тадбиркорлик ишга тушдими, маҳсулот ёки хизмат яратилдими, оилада доимий даромад пайдо бўлдими? Худди шу каби, фуқарони касб-ҳунарга ўқитиш ҳам натижа эмас, натижага олиб борувчи воситадир. Асосий мезон — ўқитилган инсон ўзлаштирган касби орқали даромад топяптими? Шу нуқтаи назардан парламент назоратининг кучайтирилиши муҳим аҳамият касб этади. Чунки ҳар бир ажратилган маблағ, ҳар бир ўқув курси, ҳар бир иш ўрни якунда инсон ҳаётида сезиларли ўзгариш бериши керак.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев, қўмита раиси ўринбосари Қобул Турсунов “Долзарб 40 кунлик” тадбири доирасида Бухоро шаҳридаги Б. Нақшбанд маҳалласида бўлиб, “Маҳаллаларни ривожлантириш ва аҳоли бандлиги” йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ерда “маҳалла еттилиги”нинг фаолияти, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этиш механизми ўрганилди.
Ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш, доимий ёки мавсумий иш билан таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, оилаларнинг барқарор даромад манбаларини шакллантириш борасидаги ишларга баҳо берилди. Аслида маҳаллабай ишлаш тизимининг аҳамияти ҳам шунда: муаммо марказдаги умумий статистикадан кўра, унинг келиб чиқиш жойида — хонадонда, оилада кўринади. Кимгадир касб керак. Кимгадир кредит эмас, бозор топишда кўмак зарур. Яна бир оилага томорқадан унумли фойдаланиш бўйича маслаҳат керак бўлиши мумкин. Бошқа бир фуқаро эса замонавий касбни ўрганиб, муносиб иш топишга муҳтож. Демак, “бир оила — бир ёндашув” тамойили қанчалик аниқ ишласа, натижа ҳам шунчалик самарали бўлади.
Сайёр мажлиснинг яна бир муҳим жиҳати — унда фақат эришилган натижалар эмас, балки мавжуд камчиликлар ҳам очиқ муҳокама қилинганидир. Сенатор ва депутатлар аҳолини иш билан таъминлашда ўз ечимини кутаётган масалалар, масъул ташкилотлар фаолиятидаги айрим хато ва камчиликларни кўрсатиб ўтди. Бу борадаги танқидни шунчаки танқид сифатида эмас, балки тизимни такомиллаштиришга қаратилган парламент назорати сифатида баҳолаш мумкин.


Чунки камбағалликни қисқартиришда энг катта хавф — рақам орттиришга берилиб кетиш. Агар бир оила расман камбағаллар рўйхатидан чиқса-ю, амалда унинг даромади барқарор бўлмаса, муаммо бартараф этилган ҳисобланмайди. Шунинг учун эндиликда асосий мезон “қанча оила камбағалликдан чиқарилди?” деган савол билан чекланмаслиги керак. Унинг давоми ҳам бор: “Бу оилалар қанча вақт давомида барқарор даромадга эга бўлди?” Ана шу саволга ишончли жавоб берилгандагина натижа барқарор натижага айланади.
Сайёр мажлис доирасида маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудудий раҳбарлар ва масъул ташкилотлар вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказилди. Унда Сенатнинг 20-ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалаларнинг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилди, қабул қилинган қарорларнинг ижроси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Бу ҳам парламент назоратининг муҳим жиҳатини кўрсатади: қарор қабул қилишнинг ўзи эмас, унинг ҳудудда қандай ижро этилаётгани, одамлар ҳаётида қандай ўзгариш бераётгани муҳим.
Сайёр мажлис якунида аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган тегишли қарор қабул қилинди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини янада кучайтириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ижросини қатъий назоратга олиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири