Раҳбар қабули – Халқ қабулхонасида
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонасида Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳусан Тўхтаев юридик ва жисмоний шахслар учун навбатдаги қабулини ўтказди.
Икки соатлик қабул давомида ўн нафардан ортиқ фуқаро турли масалалар юзасидан вилоят ҳокими ўринбосарига мурожаат қилди. Барча мурожаатлар белгиланган тартибда қайд этилиб, масъуллар белгиланди.
Халқ қабулхоналарининг янгича иш тартибига кўра, айни пайтда мазкур муассасаларга ҳокимлар жамоатчилик асосида раҳбарлик қилмоқда. Қабулхонада ҳафтанинг ҳар бир кунида ҳоким ва унинг ўринбосарлари қабули ўтказилиши белгиланган.
Хусусан, Самарқанд вилояти ҳокими ҳар ҳафта жума куни 9.00 дан 11.00 га қадар Халқ қабулхонасида қабул ўтказиши зарур. Вилоят раҳбарининг ўтган ҳафта ўтказилган шундай қабули қарийб беш соат давом этиб, унда 30 дан ортиқ мурожаат қайд этилган.
– Вилоят ҳокимига асосан ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, ободонлаштириш, уй-жой ажратиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, канализация тармоқларини ташкил этиш ҳамда мажбурий ижро бюроси фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаатлар тушди, – дейди Президентнинг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири ўринбосари Хуршид Очилов. – Аксарият мурожаатлар қабул жараёнида ҳал этилган бўлса-да, ўрганиш талаб қиладиган масалалар тегишли ташкилотларга йўналтирилди. Айрим масалаларни эса вилоят ҳокимининг ўзи жойига чиққан ҳолда ўрганишини маълум қилганди. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Севали ота маҳалласида яшовчи фуқароларнинг Боғишамол каналидаги антисанитария ҳолати ва сув тўпланиши билан боғлиқ мурожаати А.Бобоев бошчилигида тегишли масъуллар билан бирга жойига бориб ўрганилди. Натижада каналнинг ушбу қисмида сув тўпланишининг олдини олиш ва аҳоли учун қулай шароит яратиш бўйича қисқа муддатда зарур чораларни кўриш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири