Раҳбар аёл қандай бўлиши керак?
Андижон машинасозлик институтида “Раҳбар аёл имиджини яратиш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда институтда фаолият олиб бораётган аёл профессор-ўқитувчилар, ёш олималар, талаба- қизлар иштирок этди. Унда мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, хусусан, лидер қизлар, раҳбар ва олима аёллар сафини кенгайтириш, уларнинг самарали иш юритиши, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар яратилаётганлиги таъкидланди.
Тадбирда хотин-қизлар масалалари бўйича ректор маслаҳатчиси Муҳтарамхон Холиқова, Миллий-халқаро грантлар ва рейтинглар билан ишлаш бўлими бошлиғи Маликахон Юсупова, Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси доценти Ҳабибахон Жўрабекованинг хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги, илмий-тадқиқот жараёнларидаги фаоллигини, етакчилик қобилиятини ошириш мавзуларидаги маърузалари тингланди.
[gallery-15691]
Кўп йиллик касбий тажрибага эга, турли раҳбарлик вазифаларида хизмат қилаётган устоз аёллар ўзларининг илк иш фаолиятлари, раҳбарликка қадар босиб ўтган ҳаёт йўллари, эришган ютуқлари, шунингдек, оилани эъзозлаш, фарзанд тарбиясига оид фикрлари, ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари томонидан раҳбар аёл қиёфаси, унинг иш услуби, раҳбарлик салоҳияти, раҳбар сифатида қандай жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлиги, бошқарувга замонавий ёндашиш, креатив фикрлаш, шахсий сифатлари, ходимлар билан муносабатлар сингари қатор масалалар хусусида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Доимий изланиш, бошқарувда хотиржам ва адолатли бўлиш, қатъиятлилик, сабр-тоқат ва маҳорат раҳбар, етакчи аёлга муваффақият келтириши айтиб ўтилди.
Тадбир якунида турли раҳбарлик вазифаларида, фаолиятида самарали иш олиб бораётган бир гуруҳ ўқитувчилар ҳамда фаол талабаларга институт касаба уюшма ташкилотининг эсдалик совғалари топширилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари