Радио эфирида қирол “вафот эттирилди”
Буюк Британиядаги машҳур “Radio Caroline” радиостанцияси техник хато туфайли қирол Чарльз III вафот этгани ҳақида нотўғри хабар тарқатиб юборди. Ҳодиса эфир тизимидаги компьютер носозлиги сабаб юз берган. Радио раҳбарияти бу ҳолат учун қирол ва тингловчилардан расман узр сўради.
Маълум қилинишича, хато орқали Бирлашган Қироллик оммавий ахборот воситаларида фавқулодда ҳолат учун тайёрлаб қўйиладиган махсус “монарх вафоти режими” автоматик ишга тушган. Шу сабаб радиостанция маълум вақт эфирни ҳам тўхтатган. Бу ҳолат ходимларни шубҳага солиб, дастурлар шошилинч қайта тикланган.

Ҳодиса содир бўлган пайтда қирол Чарльз III рафиқаси Камилла билан Шимолий Ирландияда расмий тадбирда иштирок этаётган эди. Радио раҳбари Питер Мур станция қирол оиласи билан узоқ йиллик яхши муносабатларга эга эканини таъкидлади. У келажакда ҳам қиролнинг анъанавий рождество мурожаатини эфирга узатишдан умидворлигини билдирди.
1964 йилда ташкил этилган “Radio Caroline” бир вақтлар денгиздаги кемалар орқали эфир узатиши билан машҳур бўлган. Кейинчалик Британия ҳукумати “қароқчи” радиоларга қарши қонун қабул қилганидан сўнг станция фаолияти бир неча бор тўхтаган. Бу радиостанция тарихи ҳатто Голливуд фильми учун ҳам илҳом манбаи бўлган.
Мусулмон Зиё, ЎзА