Рағбат – юксак самаралар омили
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун анъанавий “Ташаббус – 2016” кўрик-танловининг Жиззах вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун анъанавий “Ташаббус – 2016” кўрик-танловининг Жиззах вилояти босқичи бўлиб ўтди.Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2015 йил 28 апрелдаги “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасида танловнинг бу йилги саралаш босқичлари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари эришаётган ютуқлар намойишига айланди.
Танловнинг вилоят босқичида шаҳар ва туманлардан сараланган 39 тадбиркор, фермер ва ҳунарманд ўз маҳсулоти билан қатнашди. Бу галги танлов саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кенгайиб, фермерлик ва миллий ҳунармандлик жадал ривожланиб бораётганини кўрсатди.
Ғаллаорол туманидаги “Nargiza teks” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Икром Шомирзаев “Энг яхши тадбиркор”, Зарбдор туманидаги “Акбар Шаҳзод” фермер хўжалиги раҳбари Суннатилла Каримов “Энг яхши фермер”, Жиззах туманидан ёғоч ўймакори Бунёд Зоиржонов “Энг яхши ҳунарманд” йўналишида ғолиб, деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.
– Давлатимиз томонидан тадбиркорликнинг қўллаб-қувватланаётгани туфайли банк кредитидан фойдаланиб, корхонамизни замонавий технологиялар билан жиҳозладик, – дейди “Nargiza teks” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Икром Шомирзаев. – Корхонамизда тайёрланаётган маҳсулотлар нафақат ички бозор, балки хорижликлар талабига ҳам тўла жавоб бераётир. Шунинг учун бу йил экспорт географиясини янада кенгайтириш устида иш олиб бормоқдамиз. Бугунги муваффақият бизни янги марраларга рағбатлантиради.
Танловда яна бир қатор қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб тақдирланди.