Қуёшдан электр, батареядан тежам: Европа энергетикасида янги формула
Европа қуёш панели ва энергия сақлаш батареясидан самарали фойдаланса, 2030-йилларда электр тизимини ишлатиш харажатини 40 фоизгача қисқартириши мумкин. Бунинг учун электр токини ишлаб чиқариш ва сақлаш қуввати ўзаро мувофиқлаштирилиши зарур. БМТ COP31 иқлим саммити доирасида тақдим этилган янги тадқиқот мазмуни шундай.
“Schneider Electric Research Institute” мутахассислари қуёш панели, батарея ва электр тармоғи харажатининг турли нисбатини қамраб олган 40 500 сценарийни таҳлил қилган. Натижага кўра, ишлаб чиқарилган ортиқча қуёш энергиясини батареяда сақлаш, талаб кучайганда тармоққа узатиш умумий харажатни сезиларли камайтиради. Батарея қуввати ва ишлаш муддати нотўғри танланса, тизим сарфи ҳозирги кўрсаткичдан 35 фоизгача ошиб кетиши мумкин.
Тадқиқот муаллифлари энди фақат янги энергия манбаларини кўпайтириш эмас, балки электр энергиясига талабни ҳам ошириш, истеъмолни мослаштириш муҳимлигини таъкидламоқда. Бу жараёнда электромобиль, электр иситиш тизими ва ақлли маиший қурилмадан фойдаланиш кўлами кенгайиши ҳам назарда тутилади. Мутахассислар қуёш энергияси ва батарея бир-бирини тўлдиргандагина таъминот арзонлашишини таъкидламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА