Қуёш панелларининг самарадорлиги ўрганилмоқда
Давлатимиз раҳбарининг қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштиришга доир 2023 йил 16 февралдаги қарорида мамлакатимизда ижтимоий ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллиги қопланишини таъминлаш, бу борадаги ишларни комплекс ташкил этиш ҳамда инвесторлар учун қулай шароитлар ва рағбатлантириш механизмларини жорий қилиш белгиланган эди.
Қарорга биноан божхона органларига ҳам қатор муҳим вазифалар юклатилган бўлиб, уларнинг ижроси изчил назоратга олинган.


Хоразм вилоятида ҳам қуёш панелларининг ўрнатилиши ва уларнинг самарадорлиги юзасидан ўрганишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Божхона қўмитаси раиси маслаҳатчиси М.Салиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Қўшкўпир туманида фаолият олиб борувчи "QADAMBOY USTA TRANS SERVIS" хусусий корхонасига ўрнатилган 850 кВт қувватга эга қуёш панелларининг ишчи ҳолати ўрганилди ва бу борада олиб борилаётган ишлар юзасидан таклифлар берилди.

Корхона фаолияти учун ойига ўртача 10 минг кВт электр энергияси сарфланмоқда. Ўрнатилган қуёш панеллари эса ойига ўртача 60-70 минг кВт электр энергияси ишлаб чиқаради. Қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилаётган электр энергияси корхона эҳтиёжларини тўлиқ қоплаб, ортиқча қисми корхона даромадига айланмоқда.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири