Қуёш панеллари синови учун замонавий лаборатория ташкил этилади
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида Корея Республикасининг Энергетика технологияларини баҳолаш ва режалаштириш институти (KETEP) ҳамда Корея синов лабораторияси (KCL) вакиллари иштирокида қуёш фотоэлектр панелларини синовдан ўтказиш лабораториясини ташкил этиш лойиҳаси муҳокама қилинди.
Мазкур ташаббус Корея Республикаси Ҳукумати гранти асосида 2026–2029 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия соҳасининг техник инфратузилмасини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Янги лабораториянинг ташкил этилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланаётган ҳамда мамлакатга импорт қилинаётган қуёш панелларини халқаро талаблар асосида синовдан ўтказиш ва баҳолаш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради.
Лойиҳа доирасида қуёш фотоэлектр панелларини синовдан ўтказиш бўйича IEC халқаро стандартларини жорий этиш, замонавий синов методикаларини ўзлаштириш, юқори аниқликдаги лаборатория ускуналари билан таъминлаш ҳамда миллий мутахассисларнинг малакасини ошириш ишлари амалга оширилади.

Мутахассислар таъкидлаганидек, ушбу лабораториянинг ташкил этилиши мамлакатда техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини халқаро амалиётларга мувофиқлаштириш, қайта тикланувчи энергия соҳасида маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, миллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳияти ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Шу тариқа, Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги мазкур ҳамкорлик лойиҳаси «яшил» энергетика соҳасида замонавий синов инфратузилмасини шакллантириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва халқаро стандартларга мос маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун мустаҳкам замин яратади.
Ш.Маматуропова, ЎзА