Қуёш панеллари ўрнатган фуқароларга август ойи учун 105,4 миллиард сўм субсидия ажратилади
Бу ҳақда Солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар берди. Унда таъкидланишича, жорий йилнинг август ойида 61 минг 548 нафар жисмоний шахс "Қуёшли хонадон" дастуридан фойдаланиб, электр тармоқларига узатган қуёш энергияси учун давлат бюджетидан 105 миллиард 400 миллион сўм миқдорида субсидия олади. Ушбу маблағ 105 миллион 400 минг 899 кВт/соат электр энергияси учун ажратилади.
Субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилоятига 18,9 миллиард сўм, Хоразм вилоятига 18,3 миллиард сўм ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига 12,4 миллиард сўм тўғри келмоқда.
Фуқаролар субсидия маблағларини "Солиқ" мобил иловасининг "Кешбэк ва имтиёзлар" хизматидаги "Қуёшли хонадон" бўлими орқали банк картасига ўтказиб олишлари мумкин.
Маълумот учун, 2023 йил 1 апрелдан "Қуёшли хонадон" дастури доирасида хонадонига қуёш панелларини ўрнатган жисмоний шахсларга қуёш панели орқали ишлаб чиқарилган ва ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт/соати учун 1000 сўмдан субсидия ажратилиши белгиланган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА