Қуёш фотоэлектр станциясининг қуввати ошмоқда
“Ўзбекэнерготаъмир” акциядорлик жамияти Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси”да бунёд этган, қуввати 3,5 МВт га тенг бўлган навбатдаги қуёш фотоэлектр станцияси муваффақиятли ишламоқда.
Ўтган йилнинг ёзида ишга туширилган қуввати 1 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ёнидаги 4 гектар бўш ер майдонида қурилган, қуввати 3,5 МВт тенг бўлган янги қуёш фотоэлектр станциясида Хитойнинг “Csg pvtech co., ltd” компанияси ишлаб чиқарган замонавий 6368 та қуёш панели ўрнатилди. Янги станция учун жой тайёрлаш, металл конструкцияларни монтаж қилиш ва ўрнатиш, панелларни жойлаштириш ҳамда созлаш ишларини лойиҳа бош пудратчиси “Ўзбекэнерготаъмир” акциядорлик жамияти бажарди.

Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан қурилган янги қуёш фотоэлектр станцияси тўлиқ фойдаланишга топширилгач, Тўрақўрғон ИЭС корхонасида барпо этилган қуёш фотоэлектр станциясининг умумий қуввати 4,5 МВтдан ошади. Натижада станция ўз эҳтиёжлари учун йилига ўртача 8-9 миллион кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бунинг натижасида эса, 2,3 миллион кубметргача табиий газ ёқилғиси иқтисод қилинишига эришилади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири