Қувончбек Исмоилов — жаҳон чемпиони!
Словакиянинг Братислава шаҳрида спорт курашлари бўйича 20 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида жаҳон чемпионати давом этмоқда. Анъанага кўра, дунё биринчилиги дастурини юнон-рум кураши баҳслари бошлаб берди.
Қувонарлиси, -63 килограмм вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Қувончбек Исмоилов финал баҳсида россиялик Салим Кармаховга қарши гиламга чиқди. Кескин ва муросасиз кечган беллашувда вакилимиз 9:7 ҳисобида ғалаба қозониб, жаҳон чемпионига айланди.
Маълумот учун, Қувончбек Исмоилов 20 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалига қадар хитойлик Жаожиан Вангни 14:5, финляндиялик Матиас Арпяненни 9:8, озарбайжонлик Турал Аҳмадовни 3:2, эквадорлик Велиз Карраседони 3:2 ҳисобида таслим этди.
Бугун яна уч нафар юнон-рум курашчимизда бронза медалини қўлга киритиш имконияти бор. Ҳожиакбар Қўчқоров (55 кг) ва Беҳрузбек Алиев (72 кг) тўғридан-тўғри бронза медали учун гиламга чиқади. Уларнинг рақиблари ўтиш баҳсларидан сўнг маълум бўлади. 97 кг. вазндаги Фахрикамол Комилжонов ўтиш беллашувида япониялик Рёсей Катамтсу билан ҳисоб-китоб қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА