Қувасойда янги қўшма корхоналар ишга тушди
Қувасой Фарғона вилоятининг саноат марказларидан бири ҳисобланиб, кейинги йилларда иқтисодий салоҳиятни рўёбга чиқариш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Жорий йилда электромобилни зарядлаш станцияларини ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилади, шунингдек, 65 миллион долларлик керамо-гранит лойиҳаси бўйича ҳам амалий ишларга киришилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 10 июлдаги “Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг ҳудудини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида шаҳардаги Пакана, Кокилон ва Сўфон маҳаллалари ҳисобидан Қўқон иқтисодий зонаси ҳудуди 210 гектарга кенгайтирилади. Бу ерда 200 миллион долларлик, келгуси йилда 500 миллион долларлик лойиҳа ишлаб чиқилиб, камида 10 минг иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Шаҳарда қўшма корхоналар сони иккитага кўпайди. “Blue carbon” масъулияти чекланган қўшма корхонаси томонидан қуёш панеллари, ёритиш ускуналари ҳамда уларни қувватловчи батареяларни ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди.
Мазкур корхона “Бунёдкор” ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ҳудудида 10 миллион доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция ҳисобига барпо этилди.
– Бу ерда йилига 200 мегаватт қуёш панеллари, 150 минг дона 30-40 турдаги 30-120 ваттгача бўлган қуёш панелли кўча чироқлари ишлаб чиқарилади, – дейди корхона раҳбари Бобур Султоналиев. – Маҳсулотларимизнинг сифати ва рақобатбардошлиги асосий эътиборимизда. Бугунги кунда корхонамизда 150 та доимий иш ўрни яратилди.
[gallery-18299]
Корхонада Хитой Халқ Республикасининг “Shandong Blue Carbon Technology” компаниясидан келтирилган замонавий технологиялар ўрнатилган. Лойиҳа ишга туширилиши натижасида йилига 10 миллион долларлик маҳсулотлар Европа, Африка, МДҲ давлатларига экспорт қилиниши режалаштирилмоқда.
“Garden Catering” масъулияти чекланган қўшма корхонаси томонидан эса замонавий кейтеринг лойиҳаси амалга оширилди. Туркиялик ҳамкорлар билан ташкил этилган ушбу корхонага 5 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция йўналтирилган бўлиб, 100 та доимий иш ўрни яратилди.
Корхона таъсисчиси Адем Йилдирим айтишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган соғлом овқатланиш талаблари асосида корхонада тайёрланадиган 100 турдан зиёд таомлар, салатлар ҳамда десертлар етказиб берилувчиларнинг ёшига, жинсига ва касбий фаолияти туридан келиб чиққан ҳолда белгиланган рационда тайёрланади. Корхонага туркиялик юқори малакали шеф-ошпазлар жалб этилган. Ташкил этилган ўқув марказида эса бир вақтнинг ўзида 80 нафар ёшларга замонавий кулинария соҳасида касбий таълим бериш йўлга қўйилган.
[gallery-18298]
“Garden Catering” корхонасида тайёрланган таомларни мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, хусусий корхона ва ташкилотларга етказиб бериш режалаштирилган.
Қўшма корхоналарнинг фойдаланишга топшириш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Х.Бозоров иштирок этди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА