Қурилишдаги тендерлар шаффоф ўтади
Тендер савдолари мавсуми янги форматда, шаффоф тарзда бошланди. Қурилиш вазирлиги электрон тендер тизими ишга тушди.
Эндиликда барпо этиладиган ижтимоий объектлар қурилиши рақамлашган тизим орқали ютиб олинади. Кейинчалик барча қурилишлар шу тизимда қамраб олинади. Қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтинги (https://mc.uz/qurilish-pudrat-tashkilotlari-elektron-reytingi/) янгиланди ва ундаги кўрсаткичлар орқалигина таниш-билишсиз тендерда ғолиб бўлиш мумкин.
Маълумки, сўнгги йилларда қурилиш соҳаси рақамлаштирилиб, ушбу саъй-ҳаракат ва меҳнатнинг самараси кўзга кўрина бошлади. "Шаффоф қурилиш" ахборот тизими ишлаб чиқилди. Қурилишдаги электрон тендерлар ҳам улкан мақсадларнинг бир парчаси бўлди. Электрон рейтингда юқори ўринларни эгаллаган қурилиш ташкилотларининг тендерда ютиш имконияти катта бўлади. Электрон рейтинг ва электрон тендер бир-бири билан чамбарчас боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қурилиш вазирлиги электрон платформаси яратилди. Унинг ишлаш тартиби эса вақтинчалик низом асосида белгиланди. Низомга кўра иштирокчи (оферент) объектнинг қиймати ва хавф-хатар тоифасига қараб, қурилиш ташкилотларининг қуйидаги электрон рейтингида ижобий кўрсаткичларга эга бўлгандагина танловга киритилади.
Ишлаб чиқилган вақтинчалик низомга кўра, иштирокчилар объектнинг қиймати ва хавф-хатар даражаси асосида 4 та тоифага ажратилди. Мисол учун, қурилиш объектининг умумий қиймати 1 миллиард сўмгача бўлса, электрон рейтингда "ДД" кўрсаткичига эга бўлган қурилиш корхонаси, агар объектнинг қиймати 2 миллиард сўмгача бўлса, "ДДД" кўрсаткичига эга бўлган қурилиш корхоналари иштирок этиши мумкин бўлади.
Ҳозирги кунда электрон рейтингда юқори кўрсаткичга эга бўлган "БББ" тоифасидаги қурилиш корхонаси энг паст даражадаги хавфга эга бўлган 4 тоифадаги ташкилотлар бўлиб, улар қурилишнинг умумий қиймати 110 миллиард сўм ва ундан юқори бўлган объектларни ютиб олиши мумкин бўлади.
Танловда ягона оферент иштирок этганда ёки бирорта ҳам оферент иштирок этмаганда, харид комиссияси танловга кириш учун оферентларга нисбатан қўйилган электрон рейтинг баҳони пасайтириш ҳуқуқига эга.
ЎзА