Қурилиш соҳасидаги ишлар ўрганилди
Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари жойларда бўлиб, турли соҳаларда амалга оширилаётган ишлар кўлами билан танишмоқда, муаммоларни ўрганиб, тегишли чора-тадбирларни кўришмоқда.
Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан қурилиш соҳасидаги устувор вазифаларнинг ижро этилиш ҳолати Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилди.

Мазкур жараёнда лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосини мажбурий экспертизадан ўтказиш, “Менинг ҳудудим” платформаси орқали шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва овоз бериш механизмини жорий қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Депутатлар назорат-таҳлил тадбирида қурилиш ташкилотлари фаолияти билан яқиндан танишиб, шаҳарлар ва шаҳарчалар бош режаларининг ишлаб чиқилганини ўргандилар.
Соҳага замонавий стандартларнинг жорий қилиниши, “Шаффоф қурилиш” платформасининг самарадорлиги масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
М.Комилова, ЎзА