Қурилиш материаллари саноати “драйвер”га айланмоқда
Жорий йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кўрсаткичи 24,2 триллион сўмни ташкил этади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Азизбек Баҳодиров иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришга берилаётган эътибор натижасида бугунги кунда ушбу тармоқ мамлакат иқтисодиётининг “драйвер”ига айланмоқда. Шунингдек, соҳа бўйича амалга оширилган экспорт 288 миллион долларни ташкил этмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2016-2021 йилларда соҳага инвестициялар жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада изчил ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда инвестицияни жалб қилиш кўрсаткичи 1 620 миллион долларни ташкил этиши ва ушбу даврга нисбатан инвестиция ҳажмини 5,6 барабарга ошириш мўлжалланмоқда. Ушбу даврларда жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг ҳажми 72,5 миллион доллардан 1 145 миллион долларга етказилади.
Соҳада маҳсулотларни маҳаллийлаштириш орқали уларнинг импортини оптималлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, маҳаллийлаштириш дастури доирасида 17 турдаги 920 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва натижада 86 миллион долларлик қурилиш материаллари импортининг ўрнини босиш мўлжалланмоқда.
Бугунги кунда айрим турдаги қурилиш материалларига бўлган талабнинг бир қисми импорт ҳисобидан қопланмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан иссиқлик изоляция материалларига бўлган талаб 83 фоизга, линолеум – 81 фоизга, қурилиш ойнаси – 70 фоизга, буёқ маҳсулотлари – 65 фоизга, газбетон блоклари – 51 фоизга, санитар-техник воситалари – 40 фоизга, деворбоп гулқоғозлар – 30 фоизга таъминланган.
“BCG” хорижий компания томонидан қурилиш материаллари саноатини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди. Унда тармоқ бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, тармоқнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш, янги турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш каби таклифлар ҳамда стратегияни амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА