Қурилиш ишлари жадал бормоқда
Айни кунларда Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 3-мис бойитиш фабрикаси қурилиши жараёнлари қизғин давом этмоқда.
Ушбу иншоотга жорий йил 29 июль куни тамал тоши қўйилган эди. Ҳозирда 107 гектар майдонда фабриканинг пойдевор қисми қурилмоқда.
Мазкур лойиҳа қиймати 2 миллиард доллар бўлиб, бугунги кунда 861 миллион доллар ўзлаштирилган. Лойиҳалаштириш ишларига Италиянинг “Wood” ҳамда лойиҳани техник жиҳатдан баҳолаш ва қабул қилишга Буюк Британиянинг “Technip Energies” компаниялари жалб қилинган.
[gallery-5195]
Айни пайтга қадар дирекция бинолари ва қурувчилар учун шаҳарча фойдаланишга топширилди. Яна бир шаҳарча қурилиши давом этмоқда. Харажатларни камайтириш мақсадида фабрика ёнида металл конструкциялар заводи барпо этилмоқда.
Янги фабрикада руда омборлари, майдалаш, янчиш ва флотация бинолари, гидрометаллургия цехи, таъмирлаш устахоналари, чиқинди хўжалиги ва бошқа объектлар жой олади. Иш жараёни замонавий ускуналар ёрдамида бошқарилади.
Темур МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА