Қурбон ҳайити – улуғ байрам
Муборак Қурбон ҳайити моҳиятида хайру саховат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик сингари азалий анъана ва қадриятларимиз, халқимизнинг эзгу ният ва орзу-интилишлари мужассам бўлган. Мазкур байрамни бутун ислом олами қаторида дину диёнатли, эътиқоди мустаҳкам халқимиз катта интиқлик билан кутиб олади. Президентимиз ташаббуси билан ҳайит кунлари халқимиз оила даврасида нишонлаши учун 2021 йил 20-22 июль кунлари ҳам дам олиш кунлари сифатида белгиланди.
Маълумки, Қурбон ҳайити байрами зулҳижжа ойининг ўнинчи кунидан бошланади. Барча мўъмин-мусулмонларга Аллоҳ таолодан тинчлик, хотиржамлик, файзу-барокат ва яхшиликлар ҳамда фаровонлик сўраб дуолар қилади.
Мамлакатимиз раҳбари саъй-ҳаракатлари билан нафақат миллий-диний байрамлар, муқаддас динимиз, урф-одатларимиз, улуғ алломаларимизнинг бебаҳо меросини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиб келаётган диний соҳада хизмат қилаётган вакилларни моддий рағбатлантириш ҳамда жойларда хайру саховат, мурувват борасида амалга оширилаётган ишлар, жаҳолатга қарши маърифат руҳидаги кенг қамровли тадбирлар янги босқичга кўтарилмоқда.
Ҳайит кунларини ҳозирги пандемия шароитида карантин талабларига амал қилган ҳолда халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда оила даврасида ўтказиш афзал. Ушбу улуғ байрамни яқинларимизни йўқлаб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни зиёрат қилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларга хурсандчилик улашиш ва байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган амали солиҳлар билан ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, муҳтожлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар.
Дарҳақиқат, ушбу оғир синов дамларида Aллоҳ таоло эзгу ва савоб амаллар учун янги имконият эшикларини очиб бермоқда. Хусусан, пандемия туфайли ишидан, доимий даромад манбаидан узилиб қолган, ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак беришни юртдошларимиз ўзларининг инсоний бурчи, деб қабул қилаётгани таҳсинга лойиқдир. Ушбу улуғ айёмда юртимиз равнақи, диёримизнинг осойишталиги, халқ фаровонлиги йўлида олиб борилаётган барча хайрли ишларда Яратганнинг ўзи мададкор бўлишини сўраб қоламиз.
Маҳфуза Алимова,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси кафедра мудири.