Қуръа натижаларга таъсир кўрсатадими?
Нуфузли мусобақаларда ғолиб чиқиш қуръа натижаларига боғлиқ. Қуръа қайсидир спортчини «ўлим гуруҳи»га ташласа, яна кимларгадир шоҳсупа сари «яшил йўлак»ни очиб беради. Куни кеча Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси жаҳон спорт майдонларида муносиб натижаларга эришиб келаётган спортчилар билан мусобақаларда ташланадиган қуръа натижалари хусусида уларнинг фикрларини эълон қилди. Эътиборли жиҳати шундаки, унда иштирок этган Ўзбекистон спортининг ёрқин юлдузлари, жаҳон ва олимпия ўйинлари чемпионлари бири-биридан қизиқарли фикрларни билдириб ўтган.

Диёра Келдиёрова, дзюдо бўйича ҳарбийлар ўртасида Жаҳон чемпиони:
– Кўплаб енгил вазн вакиллари қатори мен ҳам бир кун аввал қуръага қарамайман. Беллашув бўладиган куни эрталаб, чигалёзди машғулотлар вақтида рақибларим билан танишиб чиқаман. Кечқурун тинч ва хотиржам ухлашим учун қуръани ўйламаслигим керак.

Ришод Собиров, дзюдо бўйича 3 карра Олимпиада совриндори: – Мен қуръага қарайман ва рақибимни билиб олиб, унга қарши ўзимни тайёрлайман. Аммо аслида қуръага қарасам ҳам, қарамасам ҳам, ўша мусобақага келган спортчилар билан тушаманку.

Баҳодир Жалолов, бокс бўйича олимпия ўйинлари ғолиби, Жаҳон чемпиони: – Боксда ҳамма қуръага қарайди. Дзюдо, кураш ёки бошқа спорт турларида беллашувлар 1 кунда ўтиб кетгани учун кўпчилик қуръага қарамайди. Бизда 10 кунгача ҳам давом этадиган мусобақалар бор. Шу боис рақибимизнинг кимлигини билиб олишимиз биз учун фойда.

Улуғбек Рашидов, таэквондо бўйича "Токио-2020" Олимпиадаси чемпиони: – Албатта, қуръага назар ташлайман ва қуръа натижаси расман эълон қилингач, мураббийим билан қайси рақибга қандай тактика қўйиш керак, унинг нозик ва кучли томонларини муҳокама қиламиз. Шунингдек, кейинги босқичларда тўқнаш келадиган эҳтимолий рақибларни ҳам ўрганамиз.

Зайнаб Дайибекова, қиличбозлик бўйича Жаҳон чемпионати совриндори: – Жаҳон чемпионатлари ва Олимпиадада қатнашганимда, қуръага қарамаганман. У пайт ҳозир ким билан тушаман, кейин ким рақибим бўлади, каби саволларга аҳамият бермайман. Бор эътиборим мени майдонда кутиб турган рақибимга қаратилади. Ундан кейин ким билан тўқнаш келишимни кўриб, ўша рақибга ўзимни тайёрлайман. Жаҳон кубоги, Осиё чемпионатларида ҳаяжон нисбатан пастроқ. Шу боис уларда қуръани ўрганиб чиқаман.
ЎзА