Қумқўрғон туманида ғўза ниҳолларини чилпиш бошланди
Сурхондарё вилоятидаги Қумқўрғон туманида 217 фермер хўжалиги 7 минг 952 гектар майдонда ғўза парваришлаб, мўл ҳосил тўпламоқда.
Ҳозиргача 4 минг гектардан ортиқ майдондаги ниҳоллар қийғос гуллади. 4 минг гектарга яқин майдондаги ғўзалар кўсаклади.
“Ҳожимурод Маматраимов” фермер хўжалигида ташкил этилган кўргазмали семинарда туман ҳокими Р.Гаффаров шу ҳақда атрофлича фикр юритди. Сурхондарё вилоят пахтачилик илмий-тадқиқот институти илмий ходими, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди М.Қодиров об-ҳаво инжиқ келаётган бу йилги шароитда ғўзани суғориш ва чилпишни тўғри, сифатли амалга ошириш юзасидан тегишли тавсиялар берди.
"Ҳожимурод Маматраимов" фермер хўжалиги пахтакорлари жорий йилда 54 гектар майдонда "Бешқаҳрамон" навли ғўза ниҳолларини парваришлаётир. Ноқулай об-ҳаво ва сув тақчиллиги кузатилаётган йилда омилкорлик билан иш юритиб, салмоқли ҳосил тўпламоқда.
Семинарда секторлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, агрономлар чеканка қилинган ниҳолларни оби-тобида суғориш, минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш, қатор ораларини чопиқ қилиш, чуқур юмшатиш ҳамда ғўзани баргидан озиқлантириш бўйича ҳам етарли маълумотларга эга бўлди ҳамда ўзаро тажриба алмашди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА