Қовун қоқи тайёрлаб, ойига 20 миллион сўмгача даромад
Нукусда оддий қовун қандай қилиб олтинга айланмоқда? Янги кооперация модели эскича қарашларни ўзгартириб, маҳаллий аҳолига мўмай даромад келтирмоқда. Бу инновация ортида нималар яширин?
Нукус туманининг Қирантов маҳалласида “Мирзачўл – Агро Стар” корхонаси томонидан аҳоли даромадини оширишга қаратилган янги кооперация модели жорий этилди. Тажриба тариқасида маҳалла хонадонларида экспортбоп, санитария-гигиена талабларига тўлиқ жавоб берадиган қовун қоқи тайёрлаш учун мўлжалланган 5 та замонавий қуритиш иссиқхонаси қуриб берилди.

Илгари ҳудудда истеъмолдан ортган қовун маҳсулотлари асосан чорва озуқаси сифатида фойдаланиб келинган, бунда 1 килограмм қовун атиги 200 сўмга баҳоланарди. Замонавий қайта ишлаш усули жорий этилиши натижасида маҳсулот қийматини 10-15 баробарга ошириш имконияти яратилди. Бу эса маҳаллий аҳоли учун қўшимча даромад манбаи бўлди.

Лойиҳа доирасида хомашё маҳсулотларини сақлаш учун 10 тонна сиғимга эга замонавий музлаткичли омборхона ҳамда 2 киловаттли қуёш панеллари ўрнатилди. Мазкур иссиқхона эгалари бир ойда ўртача 15-20 миллион сўм даромад олиш имкониятига эга бўлишди. Ушбу кооперация модели қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қўшилган қийматни кескин ошириш, илгари паст баҳоланган маҳсулотдан самарали фойдаланиш ва ҳудуд аҳолиси фаровонлигини сезиларли даражада яхшилашнинг муваффақиятли намунаси сифатида эътироф этилмоқда.

Санжар Тошпўлатов,
ЎзА