"Қўшчинор" – Паркентнинг янги маърифат маскани
Китоб – тафаккур чироғи, маърифат эса тараққиёт калитидир. Ёш авлод қалбида илмга муҳаббат, китобга ҳавас ва юксак мақсадларга интилиш туйғусини уйғотадиган зиё масканлари жамиятнинг маънавий келажагини белгилашда муҳим ўрин тутади. Паркент туманида барпо этилган "Қўшчинор" маърифат масканининг очилиши ҳам ана шу эзгу мақсадлар йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Замонавий мажмуа аҳоли, айниқса, ёшларнинг билим олиши, китобхонлик маданиятини юксалтириш ва ижодий салоҳиятни рўёбга чиқаришда янги имкониятлар эшигини очади.
шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов ва бошқа атоқли ижодкорлар, олимлар, устоз ва муаллимлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда депутатлар иштирок этди.

Мазкур мажмуа Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Паркент туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида белгилаб берилган вазифалар доирасида қисқа муддатда барпо этилди. Янги масканда замонавий ахборот-кутубхона маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, Маънавият ва маърифат маркази ҳамда ёшлар учун турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Бу ерда китобхонликни оммалаштириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, ижодий қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун кенг имкониятлар яратилган.

Очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ушбу қувончли воқеа билан барчани табриклаб, маънавият ва маърифат масканларининг жамият ҳаётидаги ўрнига алоҳида тўхталди. Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов маърифат ва китобхонликнинг ёш авлод камолотидаги ўрни, миллий адабиётимиз ва бой маънавий меросимизни асраб-авайлаш, уни келгуси авлодларга етказишдаги аҳамияти ҳақида гапирди.
Қайд этилганидек, мамлакат тараққиёти нафақат иқтисодий ютуқлар, балки жамиятнинг интеллектуал салоҳияти, маънавий етуклиги ва ёш авлоднинг мустақил фикрлаши билан ҳам белгиланади. Зеро, китобга ошно қалбда эзгуликка интилиш, билимга чанқоқ тафаккурда эса янгилик яратишга рағбат уйғонади.

Шу боис ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси ва юксак маънавий фазилатлар руҳида тарбиялаш, уларнинг илм-маърифат сари интилишини қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир. “Қўшчинор” каби маърифат масканлари эса ана шу эзгу мақсадлар рўёбига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Тадбирда Паркентнинг бой тарихий мероси, илм-маърифат ва ижод анъаналари ҳақида ҳам сўз юритилди. Бу заминдан етишиб чиққан атоқли ижодкорлар, олимлар, санъат ва маданият намояндаларининг мамлакатимиз маънавий ҳаётига қўшган ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.
– Азалдан Паркент замини илм-маърифат, меҳнат ва соҳибкорлик анъаналари билан қадр топган, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир. – Мана бугун янги маърифат масканининг фойдаланишга топширилиши ёшларимиз учун катта совға бўлди. Эсимда, илгарилари барча байрамлар шу манзилда ўтказиларди. Шу билан бирга, белбоғли кураш мусобақалари ҳам ташкил этилиб, кўплаб полвонлар ўз маҳоратини синовдан ўтказарди. Эндиликда давлатимиз томонидан замонавий қиёфага келтирилган бу масканга кирган инсоннинг қалбида илм нури ёнади, дили яйрайди. Мамлакатимизнинг бирор жойида бунга ўхшаш жой йўқ бўлса керак. Ишонаманки, бу каби шароит ва имкониятлар ёшларимизнинг келгусида кўплаб юқори натижаларга эришишида катта пойдевор бўлади.

Шу тумандан етишиб чиққан устоз ижодкор Ориф Одилхонов, Ўзбекистон халқ шоирлари Шарифа Салимова ва Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов, шунингдек, Дилфуза Шомаликова, Маъсума Аҳмедова, Усмон Бек, Зоҳиджон Олов каби ижодкорларнинг ҳаёти ва фаолияти ёш авлод учун ибрат мактаби экани айтилди. Улуғ аждодлар меросини ўрганиш, устозлар анъаналарини давом эттириш, бугунги истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва ёшларнинг ижодий изланишларига кўмаклашиш маънавий тараққиётнинг муҳим шартларидан биридир. Шу боис янги маърифат масканида адабий учрашувлар, китоб тақдимотлари, ижодий суҳбатлар ва маънавий-маърифий тадбирларни мунтазам ташкил этиш таклифи берилди.

Айни пайтда Тошкент вилоятида ахборот-кутубхона хизматини ривожлантириш, аҳолининг китоб мутолааси учун имкониятларини кенгайтириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларда 21 та ахборот-кутубхона маркази фаолият юритиб, уларнинг китоб фонди бир миллион нусхадан зиёдни, фойдаланувчилар сони эса 353 минг нафарни ташкил этади. Ушбу кўрсаткичлар вилоятда китобхонликни ривожлантириш учун зарур инфратузилма шаклланаётганини кўрсатади. Эндиликда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, мутолаага қизиқувчилар сафини кенгайтириш ва ёшларнинг китобга меҳрини ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда иштирок этган ижодкорлар, олимлар ва устоз-мураббийларнинг янги марказдаги фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу ерда ташкил этиладиган мунтазам учрашувлар ёшларнинг адабиёт ва санъат намояндалари билан бевосита мулоқот қилиши, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиши ва ижодий салоҳиятини ривожлантириши учун муҳим имконият бўлади.
Марказнинг барпо этилишида иштирок этган мутасаддилар ва қурувчиларнинг меҳнати эътироф этилди. Фахрий меҳмонлар мажмуа хиёбонига манзарали дарахт кўчатларини экди. Шундан сўнг барча меҳмонлар биргаликда бу масканда яратилган шароитлар билан танишди, ёшлар ва ҳудуд фаоллари билан яқиндан суҳбатлашилди.

Мухтасар айтганда, янги “Қўшчинор” маърифат маркази Паркент аҳли, хусусан, ёшларнинг билим олиши, маънавий камол топиши ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариши учун хизмат қилади.
Абдулазиз Мусаев,
ЎзА мухбири