Қорақалпоғистондаги 135 та насос станцияси ДХШ асосида модернизация қилинади
Сув хўжалиги соҳасида инфратузилмани модернизация қилиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда соҳага хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш айни кун талабларидан. Бу жараёнда давлат-хусусий шериклик механизмлари муҳим аҳамият касб этиб, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва мавжуд объектларнинг ишончли фаолиятини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ана шу мақсадларга қаратилган навбатдаги муҳим келишувга V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида эришилди. Форум майдонида cув хўжалиги вазири ўринбосари Миролим Каримов ва Саудия Арабистонининг “Miahona” компанияси бош ижрочи директори Аваадҳ Ал Отаиби ўртасида “Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш ва давлат-хусусий шериклик битимини имзолаш тўғрисидаги келишув” имзоланди.
Мазкур ҳужжат Қорақалпоғистон Республикасидаги 135 та насос станциясини модернизация қилиш лойиҳасини амалий босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Лойиҳа доирасида насос станцияларининг техник ҳолатини яхшилаш, замонавий технологияларни жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда сув ресурсларидан оқилона ва тежамкор фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш назарда тутилган.
Маълумки, “Miahona” Саудия Арабистони Қироллигида давлат-хусусий шериклик асосида сув таъминоти ва оқава сув инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида катта тажрибага эга етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Корхона томонидан амалга оширилган лойиҳалар сув хўжалиги объектларининг самарадорлигини ошириш ва замонавий бошқарув механизмларини жорий этишга қаратилган.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, жорий йилнинг 15 июнь куни томонлар ўртасида ўтказилган учрашувда мазкур лойиҳанинг асосий йўналишлари муҳокама қилиниб, уни амалга ошириш жараёнларини жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилган эди. Бугунги келишув эса ушбу музокараларнинг амалий натижаси сифатида икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА